Эсимда, бунда ўн йиллар чамаси олдин, вилоят ҳокимлигига кириб кета туриб, кириш йўлагига мўлтиллаб қараб турган уч қизни учратган эдим. Ушбу қизлар кўзимга иссиқ учради, саломлашиб, “ҳа қизлар?” деб сўрагандим, улар худди қариндошларини кўргандек севиниб кетишди. Бирпасда келишдан мақсадларини билиб олдим. Учови ҳам Меҳрибонлик уйи битирувчилари экан, тиббиёт касб-ҳунар коллежини тамомлашган. Коллежда ўқишганда ўқув муассасаси ётоқхонасида яшашган, битиргандан кейин ҳам жой топиша олмаганларидан ётоқхонада қолиб кетишган. Бу орада дугоналарнинг бири ҳомиладор бўлиб, фарзанди дунёга келган. Энди коллеж раҳбарияти ётоқхонани бўшатиб қўйишларини талаб қиляпти экан. Уй сўраб барча ташкилотларга мурожаат қилишган, охири хотин-қизлар қўмитасидан паноҳ сўраб келишган экан. “Бир тарафдан коллеж маъмуриятидан хафамасмиз, бошқалар ҳам ўқишга келишяпти, жой керак, аммо, иккинчи тарафдан…қаерга борамиз?” дея кўз ёш қилишган эди қизлар ўшанда.

Ўшанда қизлар вилоят хотин-қизлар қўмитасига киришган, қўмита уларга, хотирам панд бермаса, Гулистон ёғэкстракт заводи ётоқхонасидан жой қилиб берган эди.

Ҳолбуки, ўша пайтда ҳам 2010 йил 2 августда Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг 164-сон қарорига илова қилинган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тураржойлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2010 йил 11 октябрдаги 86-сон буйруғига илова қилинган  “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жой сотиб олиш учун мақсадли трансферлар, шу жумладан, бюджет маблағларини бериш тартиби тўғрисида”ги Низом мажду бўлиб, уларга кўра  ушбу тоифадаги ёшлар бепул тураржойлар билан таъминланиши  кўзда тутилган эди. Аммо, юқоридаги ҳолат кўрсатиб турибдики, ушбу низомлар талабларининг ижросида чалкашликлар бўлган.

Орадан ўн йил ўтиб, ҳолат қай томонга ўзгарди?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги ПҚ4185-сон “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, шу жумладан, улар тоифасига кирадиган 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган шахсларга тижорат банклари томонидан ёш оилалар учун назарда тутилган шартларда, кўп квартирали уйлардан квартира сотиб олиш мақсадида имтиёзли ипотека кредитлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун кредитлар ажратиш тавсия этилган.

Эътиборлиси, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитининг дастлабки бадали Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Бу йилдан бошлаб  етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг маиший ва турар жой шароитларини яхшилаш мақсадида, шаҳарлар ва қишлоқ жойларида арзон кўп квартирали уйларни қуриш параметрларини шакллантирилади, 2020 йилдан бошлаб уй-жойга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга имтиёзли ипотека кредити бериш асосида сотиш учун уйлар  қурилади.

Шу билан бирга, тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ишга жойлаштирилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқига юклатилди. Бу дегани, таълим муассасасини битирган ёшлар энди кўчада қолмайди, уларнинг бандлигини таъминлайдиган аниқ манзилли ташкилотлар бор.

Аҳамиятлиси, ушбу қарор бандларида  давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш, унда тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни  ҳам назардан қочирмади.  Қарорга илова “Йўл харитаси”да  уларнинг бандлигини таъминлаш аниқ манзилли ташкилот ва муассасаларга юклатилган ва доимий назорат остига олинган. Энди тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўл-ган битирувчи ёшларнинг бандлиги таъминланади, бу эса келажакда улар жамиятдан ўз ўринларини топиб олишларига асос бўлади.

Қисқаси, ушбу қарор жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси, шу жумладан, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳам фуқаро сифатида давлат томонидан бериладиган имтиёз ва кафолатлардан баҳраманд бўлишига асос яратади.