соч

Сочлар саломатлигини уларнинг табиий жилвасига кўра билиш мумкин. Витамин етишмаслиги, турли зарарли бўёқлар, турмаклаш каби ҳолатлар доим ҳам сочларимизга ижобий таъсир кўрсатавермайди.

Сочлар «гуллаши» ва тез тўкилиши каби ҳолатларга аёллар кўп дуч келишади. Уй шароитида сочлар парвариши унчалик кўп сарф-харажат талаб қилмайди. Бунинг учун бирозгина вақт ва ҳафсала бўлса, кифоя. Баъзан сочни қўл остингиздаги оддийгина воситалар билан парваришлаш мумкин. Кимёвий услубда жингалак қилиш, кўп бўяш сочлар шикастланишига олиб келади.

Ўсимлик ёғидан ниқоб: сочларни ма-йинлаштиради. 3-4 ош қошиқ ўсимлик ёғини буғда илитинг ва уқаловчи ҳаракатлар билан бош терисига суртинг. Полиэтилен қалпоқча кийиб, устидан сочиқ билан ўранг. 40 дақиқадан сўнг бошингизни ювинг. Ҳафтада 2 маротаба такрорланг.

Тухумли ниқоб: сочни мустаҳкамлайди. 2 та тухумга 2 ош қошиқ асал қўшинг. Аралашмани сочларингизга ва бош терисига суртинг. Полиэтилен қалпоқча кийинг, устидан сочиқ ўранг. 40 дақиқадан сўнг илиқ сувда шампунь билан ювинг. Ҳафтада 1-2 марта такрорланг.

Сочларингиз ўсишини истасангиз, аччиқ қалампирли тинитмадан ҳам фойдаланиш мумкин. У дорихоналарда сотилади. Пахтани тинитмада ҳўллаб, бош терисига суртинг. Сўнгра полиэтилен қалпоқча кийиб олинг. 10-15 дақиқадан сўнг, бош терисида енгил ачишиш сезганда бошингизни илиқ сувда ювинг. Фақат  бу тинитмани сочингизга суртаётганда кўзларингизни эҳтиёт қилинг, иложи бўлса полиэтилен қўлқоп кийиб олинг

«ГУЛЛАШ» НИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Сочлар нотўғри тараш натижасида, турмакловчи асбоблардан кўп фойдаланганда «гуллай» бошлайди.

Пиёзли ниқоб: бир дона ўртача катталикдаги пиёзни қирғичдан чиқаринг, 2 ош қошиқ асал қўшинг. Аралашмани сочларингизга суртинг, айниқса, соч учларига аҳамиятли бўлинг. Полиэтилен қалпоқча кийиб, иссиқ сочиқ билан бошингизни ўраб олинг. 20 дақиқадан сўнг сочларингизни ювинг ва лимон шарбати қўшилган сувда чайинг. Ниқобни ҳафтасига икки марта такрорлаб туринг.

СОЧЛАРНИ ЮМШАТИШ

Ялпизли юмшатувчи: Сочларингизни ярқиратади, юмшатиб, силлиқлаштиради. Сочлар «гуллаши»нинг олдини олади.

Лимонўт ёки ялпизга 700 гр. қайнаб турган сувни солиб, дамланг. 30-40 дақиқа давомида тиндиринг. Сўнгра докадан сузиб олинг. Сочларингизни шампунда ювиб, шу дамлама билан чайинг. Ҳар қандай дамлама билан чайгандан сўнг, сочдаги сув бироз силқигач, бошингизга илиқ сочиқ ўраб олинг. Шунда соч териси дамламанинг фойдали моддаларини ўзига сингдириб олади.

Мойчечакли ниқоб: сочларни мустаҳкамлайди ва юмшатади. 3 ош қошиқ мойчечак гулларини бир стакан қайнаган сувда дамланг. 40 дақиқа тиндиринг. Докада сузиб олинг. 200 мл. ланолин (дорихонаданолиш мумкин) билан аралаштиринг. Буғда илитинг ва бош терисига суртинг. 40 дақиқадан сўнг сочларингизни илиқ сув ва шампунь билан ювинг.

Қуруқ сочлар учун

Соч қуруқлашишининг сабаби: нотўғри парвариш, турли соч турмаклаш воситаларидан кўп фойдаланиш. Соч парвариши учун витаминли воситалардан фойдаланинг. Ҳафтада 2 марта ўсимлик ёғларидан  А ва Е витаминларига бой ниқоблар қилинг.

Канакунжут ниқоби: қуруқ сочларга жилва бағишлайди, томирларини мустаҳкамлаб, соч «гуллаши»нинг олдини олади. 2 ош қошиқ канакунжут ёғини 1 чой қошиқ бодом ёки шафтоли ёғи билан аралаштиринг. 2 ош қошиқ глицерин ва 200 гр. қайнаган сув қўшинг. Бу аралашмани уқаловчи ҳаракатлар билан бош териси ва сочларга суртинг. Полиэтилен қалпоқча кийиб олинг, устидан иситилган сочиқ ўранг. Бир соатдан сўнг шампунь билан ювинг.