Бугунги кунда коррупция давлатларнинг жадал суратда ривожланишидаги асосий тўсиқлардан бири саналади.

Хусусан, коррупция бозор муносабатларига асосланган иқтисодиёт ва  демократияга асосланган жамият барпо этишни кийинлаштиради. Бу иллатга оид жиноятларни аниқлашга қаратилган тезкор-таҳлилий ва қидирув ишларни ташкил этиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан    самарали фаолият олиб борилмоқда.

Ушбу салбий иллатнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш самарасини янада ошириш мақсадида бошқарув ва иқтисодий соҳада ҳамда жойларда тарғибот ишлари тўла ишга солиниб, аҳолининг ҳуқуқий маданияти оширилиб борилмоқда.

Ушбу йуналишга доир қонунбузарликлар учун жавобгарлик ва жазо муқаррарлигини тушунтириш бўйича жойларда  профилактика ва тарғибот ишларини жонлантириш  ҳам  порахўрликка қарши курашишнинг самарали усулларидан  бири ҳисобланади.

Шу мақсадга қаратилган тадбирларни туманимиздаги йирик корхона, ташкилот, муассаса ҳамда маҳаллаларда белгиланган чора-тадбирлар бўйича  ташкиллаштиришга катта эътибор бермоқдамиз. Бунда ҳамкор ташкилотлар билан  ҳаммаслак, ҳамжиҳатликда тарғибот ишларини олиб боришимиз қатнашчиларнинг бу иллатга нисбатан билим ва тасаввурларини янада бойитишга хизмат қилмоқда, дейишимизга асос бор.

           Тадбирлар давомида  ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари  турли касб эгалари ва ўқувчи ёшларга коррупция ва унга қарши курашиш ҳуқуқий асослари юзасидан батафсил тушунчалар берилиб, мавзу доирасида савол-жавоблар ташкил қилинмоқдаки, бу ҳам ўз навбатида ижобий самара бераётир. Айниқса, коррупциянинг исканжасига тушиб қолишнинг салбий оқибатларини акс эттирувчи видеороликлар  намойиш этилилиши ҳам тадбирнинг таъсирчанлигини оширишда  муҳим аҳамият касб этаяпти.

Бундан иштирокчилар ўзларига тегишли хулосалар чиқаришгани алоҳида эътирофга моликдир. Зеро, ҳаётда бундай иллатлар гирдобига тушиб қолмасмлик учун   огоҳ бўлишлик ,  коррупция, порахўрлик, таъмагирлик иллатларига дуч келинганда  қандай йўл тутиш лозимлиги ҳамда куну тун ишлаб турган ишонч телефонлари орқали хабар бериш юзасидан хам аҳоли хабардор бўлишаётгани ғоятда аҳамиятлидир.

Кези келганда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги  Қонуни билан ушбу иллатга қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг вазифалари аниқ белгиланди. Шу боисдан бу борада  ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш вазифаларига  алоҳида  урғу берилганлиги ҳам бежиз эмас.

Албатта,ушбу мақсад рўёбида фаолиятни мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ҳамда унинг ҳудудий комиссиялари ташкил этилгани яна бир муҳим қадам бўлди. Шунингдек, мазкур Қонун билан коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари устидан Парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилди.

Яна бир гап: давлат органлари фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларнинг  самарадорлигини баҳолаган ҳолда мунтазам равишда мониторинг ўтказиш тартиби жорий этилди. Эътиборлиси, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг ҳимоя қилиниши таъминланадиган бўлди.

Қонун билан давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик чоралари кўрилиши, давлат коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги тадқиқотларни қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириб боришини ҳам муҳим омиллар сирасига киритиш мумкин.

 

 

                                                                                                              Одилжон РАҲИМОВ.

                             Сирдарё туман давлат хизматлари

маркази  алоқа оператори.