Гулистон Давлат университети фаоллар залида вилоят адлия бошқармаси, вилоят ИИБ, Гулистон шаҳар адлия бўлими, Ёшлар Иттифоқи вилоят бўлими  ҳамда ОАВ лар  билан ҳамкорликда «ҳуқуқий онгли ва маънан соғлом ёшлар — юртимиз эртаси»  мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда асосий мавзулар – “Ёшлар гиёҳвандликка қарши” ҳамда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январда  қабул қилинган «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги  ПФ-5618 -сонли Фармони юзасидан  тарғибот тадбири бошланди.

Тадбирни Гулистон Давлат университети ректори матбуот котиби Равшанбек Маҳмудов олиб борди. Дастлабки сўз  Ички ишлар вазирлиги  Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Абдуқаҳҳор Расуловга берилди. Ёшлар ўртасида  гиёҳвандлик масалаларига тўхталган маьрузачи бугунги кунда ёшлар истеьмол қилаётган гиёҳванд моддаларнинг уларнинг организмига салбий таьсири ҳақида сўзлаб берди.

Вилоят ИББ вакили Собит Ўрдабоевнинг сўзларига кўра  Сирдарё вилоятида  шу кунларда 175 та ҳолатда  13 кг дан ортиқ гиёҳванд модда ушланган. Шу билан бирга наркотик моддаларнинг янгидан янги тури топилиб, оғир касал беморлар учун даво сифатида қўлланилиши лозим булган ушбу дорилар ёшлар томонидан истеьмол қилиниб, оғир оқибатларга сабаб бўлаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Гиёҳванд  моддалар истеъмоли  тақдирларни синдиради, инсонни таназзулга етаклайди,  шахсни жиноий жавобгарликка тортиб, жазолашдан кўра жиноятнинг олдини олган маьқул.  Асли мақсадимиз ҳам, келажагимиз эгалари бўлган ёшларни асраб- авайлашдан иборат.

-Эътибор беринг, вилоятимиз ҳудудида ушлаб қолинган 13 кгдан ортиқ гиёҳванд модда минглаб оилаларни бузар эди, жирканч ва ғаразгўй шахслар ўз манфаати учун неча-неча инсонлар ҳаётига зомин бўлмоқчи бўлдилар,   оналар ва болаларнинг аччиқ кўз ёшини оқизган бўлар эди, — дейди университет профессори  Равшанбек Маҳмудов.

Сўзга чиққан вилоят адлия бошкармаси бошлиғининг 1-ўринбосари Иномжон Қудратов  бугунги шиддатли замонамизда ҳуқуқини билмаслик, қонунларни ва қонуности ҳужжатларни  ўрганмаслик, ҳурмат қилмаслик  барча жиноятларнинг илдизидир, дея таькидлади.

Президентимизнинг 2018 йил 2018 йил 13 апрелдаги ПФ — 5415 — сонли  Фармонига кўра адлия тизимида  тўлик ислоҳотлар ўтказилди,  адлия тизимида янги тузилма — туман-шаҳар адлия бўлимларининг асосий вазифалари белгилаб берилди. Шу ўринда  2019 йил 9 январда қабул қилинган  «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида» ги ПФ- 5618- фармонининг аҳамияти жуда муҳим.

Маърузачи слайд орқали Фармонда белгиланган муҳим йўналишлар, концепция ва йўл харитаси ҳақида, тарғиботнинг янги, замонавий усуллари, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мактабгача тарбия муассасасидан, оиладан бошланиши лозимлиги ҳақида гапириб берди.

Сўзга чиққан маьрузачиларнинг барчаси ёшларни соғлом турмуш тарзига, ҳуқуқий билимларини оширишга чақиришди.