Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январда қабул қилган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида» ги ПФ- 5618- фармони,  «Юксак ҳуқуқий маданият — мамлакат тараққиёти кафолати» деган ғоя остида жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдаги мавжуд муаммо ва камчиликлар бартараф этиш борасида  қабул қилинган  концепция ва  уни 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгилаб берилган вазифалар масъулияти адлия ходимларини халқ орасига чорламоқда. Бугунги кунда туман ва шаҳар адлия бўлимлари фақатгина кабинетда ўтириб, мурожаатчиларни қабул қилибгина қолмай, балки ташкилот, корхона, муассасалар, маҳаллаларга бориб, фуқаролар билан дилдан суҳбатлашиб, янги қабул қилинган қонун, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини халқчил тилда етказиш учун ҳаракат қилмоқдалар.

Бугун Оқолтин тумани Адлия бўлими  томонидан  туман Бандликка кўмаклашиш марказида ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирда туман адлия бўлими раҳбари Т.Каримов ишчи-ходимларга «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳиятини шарҳлаб берди ҳамда ушбу қонуннинг демократик жамият қуриш учун нақадар аҳамиятга эга эканлиги ҳақида батафсил маълумот берди.  Шу билан бирга, тадбир  асносида иштирокчилардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил  10 январдаги ПФ-5623-сонли  «Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги  Фармони бандлари, Ўзбекистон  Республикасининг 2018 йил 15 октябрдаги ЎРҚ-499-сон «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги ПФ-5467-сон «Обод маҳалла» дастури тўғрисида»ги Фармони юзасидан тушган  саволларга жавоб берилди.

-Фуқароларимиз бундан 3 йил илгариги фуқаролардан фарқ қилиб, жамиятимизда рўй бераётган янгиликлар, фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятлари борасида қабул қилинаётган қарорлар, ҳуқуқ ва эркинликларига тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларига қизиқиш билдирмоқдалар, у ёки бу норматив ҳужжатнинг фуқаролар ҳаётига таъсири, натижаси билан қизиқмоқдалар, — дейди Т.Каримов. – Ўтказилган давра суҳбатида сезилдики, улар ҳуқуқий билим ва янгиликларга чанқоқ. Тадбирда уларга Адлия вазирлигининг “Huquqiy axborot” телеграмм каналига уланишни ва бу соҳадаги янгиликлардан бохабар бўлиш тавсия қилинди. Шунингдек, интернетдаги “ minjust.uz” ва “sirdaryo.adliya.uz”  веб-сайтларини экранда кўрсатиб, уларга қандай уланиш ва савол юборишни кўрсатиб берилди. Ўйлайманки, туман адлия бўлимимиз томонидан ўтказиладиган шундай тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилади.