Жаҳон тарихий тараққиётининг ҳозирги босқичи инсоният ҳаётининг барча жабҳаларида глобаллашувнинг вужудга келиши билан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Глобаллашув ХХ асрда инсоният фаолияти натижасида ҳамда тараққиёт юксалиши туфайли пайдо бўлиб  бутун дунё мамлакатларини ўзаро боғлаб қўйди.

Президентимиз Ислом Каримов бу ҳақда шундай фикр билдирганлар: «Тоталитар тузум емирилгандан кейин дунёнинг қутбларга бўлиниши барҳам топди. Хўш, ХХI асрда у қандай бўлади? Биз қаёққа қараб кетаяпмиз?  Биз яшаётган давр қандай хусусиятларга эга? Сўнги вақтларда жаҳонда юз берган, дунёнинг жўғрофий-сиёсий тузилишини ва харитасини тубдан янгилаган ўзгаришлар ҳозирги замон ва келажак учун қандай тарихий аҳамиятга молик?  Булар ҳақида мулоҳаза юритиш ва уларга тўғри баҳо бериш жуда муҳим» .

«Юксак маънавият-енгилмас куч» асарида эса глобаллашув жараёнининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталиб уни фақат ижобий воқелик сифатида қарашга ҳали эрта, у зиддиятларга тўла, гоҳо эса миллий тараққиётга,  миллий маданиятга, маънавиятга салбий таъсир этувчи белгиларининг мавжудлигини эътироф этадилар.  «Бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, инсоният ҳозирга қадар бошидан кечирган даврлардан тубдан фарқ қиладиган ўта шиддатли ва мураккаб бир замонда яшамоқдамиз. Давлат ва сиёсат арбоблари, файласуфлар ва жамиятшунос олимлар, шарҳловчи ва журналистлар бу даврни турлича таърифлаб, ҳар хил номлар билан атамоқда. Кимдир уни юксак технологиялар замони деса, кимдир тафаккур асри, яна биров ялпи ахборотлашув даври сифатида изоҳламоқда. Дунёда юз бераётган глобаллашув келажакда қандай натижаларга олиб келишини барча сиёсатшунослар ва олимлар илмий башорат қилиб бермоқдалар.

Албатта, бу фикрларнинг барчасида ҳам маълум маънода ҳақиқат, рационал мағиз бор. Чунки уларнинг ҳар бири ўзида бугунги серқирра ва ранг — баранг ҳаётнинг қайсидир белги-аломатини акс эттириши табиий. Аммо кўпчиликнинг онгида бу давр глобаллашув даври тариқасида таассурот уйғотмоқда» . Дарҳақиқат, бугунги кунда глобаллашув инсоният тараққиётининг тарихий-тадрижий давоми, янги босқичи сифатида юзага келган реал воқелик бўлиб, у турли кўринишда, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олган мазкур жараён иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий, илмий, информацион мафкуравий соҳаларда намоён бўлмоқда.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек глобаллашув жараёнларининг ижобий хусусиятлари жуда ҳам кўп бўлиб, давлатлар ва халқлар ўртасида интеграция ва ҳамкорлик алоқаларининг кучайиши, илм фан              ютуқларининг тезлик билан тарқалиши ва              турли қадриятларнинг умуминсоний негизда уйғунлашувига  олиб  келсада,  унинг  салбий

жиҳатлари ҳам мавжуд бўлиб, экологик ва ижтимоий ҳаётнинг кўп соҳаларига салбий таъсирини ўтказиши мумкин.

Экологик муаммоларнинг глобаллашуви инсоният цивилизациясининг ҳозирги тарихий ривожланиш босқичида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Яъни экология билан боғлиқ масалалар: табиат экотизими емирилишининг кучайиши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, глобал иқлим ўзгариши, турли саноат объектлардаги ҳалокатлар, моддий ишлаб чиқариш, маиший турмуш фаолиятининг биосфера экологик мувозанатига, аҳоли саломатлигига салбий таъсири дунё ҳамжами- ятини ташвишга солмоқда. Инсоннинг табиатни норационал техноген ўзгартириши натижасида, табиатнинг инсониятга акс таъсири кучайиб, ижтимоий сиёсий муаммолар кескинлашмоқда. Орол денгизининг қуриб, ерларимизнинг шўрланиши бизнинг мамлакатда ҳам шундай муаммоларни юзага келтирмоқда.

Ҳозирги кунда дунё бўйлаб глобаллашув жараёни кенг қулоч ёйиб, тез суръатлар билан ривожланаётган бир даврда унда кечаётган ҳар бир жараённинг мазмун-моҳиятини англаб етиш унинг мамлакат, қолаверса, бутун жамият ва келажак учун салбий таъсир кўрсатувчи жиҳатларини аниқлаш уни олдиндан кўра билиш бугуннинг талабидир.

Жумладан, бир қанча салбий иллатларни ўз ичига олган «оммавий маданият» ниқоби остидаги маънавий таҳдидларнинг кириб келиши бугунги даврда мамлакат миллий маданияти ва маънавияти учун хавф солувчи жараёндир. «Оммавий маданият» ниқоби остида тарқалаётган аҳлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризмни тарғиб қилувчи ғоялар ўсиб келаётган ёшлар онгига салбий таъсир ўтказмоқда. Мазкур жараён миллий маънавият, миллий қадриятлар тизими ва ёш авлод аҳлоқий тарбияси масалалари жиддий хавф остида қолаётганлигини англатади. Миллий маънавиятини йўқотган халқ эса «оммавий маданият» уммонига сингиб кетади ва тиклаб бўлмас натижалар гирдобида қолади.

Глобаллашув жараёнида юзага келаётган яна бир хавф мавжудки, ҳозирги кунда минглаб одамлар ва бутун дунё бундан азият чекмоқда. десак, муболаға бўлмайди. Бу турли информацион хуружлар шаклида таъсир этаётган гўёки демократия, эркинликни ва фаровонликни илгари суриш ва тарғиб қилиш орқали кўпроқ ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшлар ва ўз нафсининг қулига айланган одамларни турли алдовлар орқали ўз мафкураларига ишонтириб тинч ҳаётни издан чиқаришга интилаётган ташкилот ва турли экстремистик кучларнинг сиёсий ҳаракатини кўрсатиш мумкин. Ҳозирда давом этаётган Сурияда, Мисрда, Ливияда, Афғонистонда кечаётган сиёсий аҳвол бунга мисол бўла олади, буларнинг барчаси бизни яна бир бор сергакликка ундайди.

Барчага маълумки, жамият тараққиёти энг аввало, фан, илмий билимларни ривожлантириш орқали эришилади. Зеро, фан, илмий билимларсиз келажакка йўл очиш мумкин эмас. Глобаллашув жараёнида ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари сингари  фан ва илмий билимлар кенг тараққий этмоқда. Оламни билиш ва унинг моҳиятини чуқур ўрганишнинг бир қанча усуллари бўлиб, илмий башорат ҳам билишнинг усули сифатида  алоҳида ўрин тутади. Ҳозирда илмий башоратнинг негизини изчил илмий назария ташкил этади. Ушбу назария билишнинг мантиқан боғланган, бир-бирини тақозо этувчи қонунлар занжиридан ташкил топган бўлиб, улардан муайян ҳодисаларнинг хоссалари, муносабатлари ва бошқа хусусиятлари ҳақида ахборотни ифодаловчи оқибатлар келтирилиб чиқарилади. Келажакка нисбатан олганда улар илмий башорат тарзида амал қилади. Илмий башорат ўз табиатига кўра номаълум нарсаларни аниқлаш билан боғлиқ объектив жараён, яъни келажакка назар ташлайдиган ва унинг ривожланиш қонунларини билиш асосида уларни ўз эҳтиёжларига мослаштирадиган кучдир.

Демак, биз глобаллашувнинг келажакда келтириб чиқарадиган ижобий ва салбий оқибатларини илмий башорат қилиш орқали кўра олишимиз, улар ҳақидаги назарияларни яратишимиз ва келажак авлодга етказиб беришимиз, шу билан бир қаторда салбий оқибатларнинг олдини олиш  бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишимиз лозим.

Хулоса қилиб айтганимизда, жамиятимизда рўй бераётган глобаллашув жараёнларида табиат онгли равишда муносабатда бўлиш, улардан оқилона фойдаланиш, маънавий хуружлардан сақланиш учун миллий ғоя тарғиботини такомиллаштириш, илм фан ютуқларидан мақсадли халқ манфаати йўлида фойдаланиш орқали глобаллашувнинг салбий оқибатларини олдини олиш мумкин.

Умид Мамаюсупов,

 ТДПУ «Фалсафа» кафедраси катта ўқитувчиси.