ёки Коррупцияга қарши куршишда замонавий-ахборот-коммуникацион технологияларнинг ўрни.

Савол: Коррупция ҳақида кейинги вақтларда жуда кўп гапирилмоқда. Унинг давлат ва жамиятнинг ривожидаги ҳамда инсонлар ҳаётидаги салбий оқибатлари ҳақида кенгроқ  маълумот берсангиз.

Майрам К.                                                                                               Гулистон .

 

Ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқида кўп қўлланилаётган атамалардан бири — бу коррупция сўзи бўлмоқда.  Коррупция” лотинча сўз бўлиб, “corrumpo” – “порага сотилиш”, “айниш” ёки “емирилиш”, деган маъноларни англатади. Кенгроқ ифодалайдиган бўлсак, мансабдор шахснинг мансаби бўйича берилган ҳуқуқ ва ваколатларини ўз манфаатини кўзлаб, шахсий бойиш мақсадларида бевосита суиистеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган амалиётдир.

Мамлакатимизда мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ коррупция иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Порахўрлик – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг жамиятда яшайдиган фуқаролари олдидаги ишончи ва обрўсига зарар етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган хавфли жиноий ҳодисалардан биридир.

Маълумки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади. Давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради. Натижада инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол бўлишига олиб келади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони қабул қилиниб, кўплаб соҳаларда инсон омилидан холи  автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилиб, уни соҳаларга тўлиқ жорий этиш юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда, доимий равишда такомиллаштирилиб келинмоқда. Ўз ўрнида, судлар фаолиятида ҳам ахборот-коммуникацион технологияларни изчил жорий этишнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий-ахборот –коммуникация технологияларини жорий-этиш чора-тадбирлари” ҳамда 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорлари бунга яққол мисол  бўла олади. Айнан судлар фаолиятига бундай замонавий ахборот-коммуникацион технологияларнинг жорий қилиниши ва унинг ҳуқуқий асослари яратилганлиги фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловни амалга оширишни ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлайди. Ушбу қарорларда судлар фаолиятида қилиниши лозим бўлган бир-қатор ишлар кўрсатилган бўлиб, қарорнинг туб моҳияти шундан иборатки, судлар фаолиятини очиқлаш судларда қонунийлик ва адолатни ўрнатиш ўртиқча сансалорликларга йўл қўймасдан суд ишларини сифатли ташкил этиш ва фуқароларга қулайликлар яратиш, энг асосийси инсон омилини чеклаб, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, бюрократик ва қоғозбозлик билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этиш қонунийликни мустаҳкамлаш каби барча жараёнларга адолатли ва шаффоф тарзда эришиш назарда тутилган. Демак, биз коррупцияга қарши курашишда замонавий ахборот-технологияларидан кенг фойдаланадиган ва ҳар бир соҳага инсон омилисиз онлайн дастурлар жорий қилинган адолатли ҳамда шаффоф тизим яратишимиз зарур.

Зеро,  чирмовуқдай чирмашиб олган бу иллатни жамият ҳаёти-ю, инсонлар онгидан томири билан сидириб ташлашни бугундан  бошламас эканмиз , бу иллат авлоддан -авлодга “мерос” бўлиб ўтиб қолиши хавфи йўқ эмас.

 

Сардор Суванов,

Гулистон туманлараро                                                               маъмурий  судининг судьяси .