Бугун Сирдарё вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоят ҳокими бу йил 27 июнь – Матбуот ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан  “Марварид” тўйхонасида катта байрам тадбири ўтказишни ҳамда унга вилоятдаги барча ижод аҳлини таклиф қилишни буюрди.

-Нафақат газета ва журналларда, ҳаттоки, бирор бир ижтимоий тармоқда бир-икки мақола ёзиб, вилоятимиз имиджини яратишга ҳисса қўшган бирор ижодкор қолиб кетмасин,  шу билан бирга, ёш қаламкашларни ҳам таклиф этамиз. Журналистларнинг ҳар бирига биттадан планшет, керак бўлса, мобил рақами билан  совға қиламиз, токи, улар ўзлари кўриб, гувоҳ бўлган янгиликларни тезкорлик билан  мамлакатга ёйсинлар, яхшиликларни улашсинлар, воқеликларни олиб чиқсинларки, биз бундан хабардор бўлайлик.

Шу билан бирга, вилоят ҳокими вилоят журналистлар жамоасини ёшартириш лозимлигини таъкидлади:

  • Вилоят ижодкорлари сафини ёшартириш, улар учун барча шароитни яратиб беришни мақсад қилганмиз. Шунинг учун ҳам, байрам арафасида вилоят журналистларининг 150 нафарини пойтахтда янги қурилаётган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети биносини бориб кўриш, университет раҳбари,  Халқаро Пресс-клуб  раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаев  ҳамда ушбу соҳада таълим олаётган сирдарёлик талабалар билан учрашув белгилаганмиз. Шу билан бирга, университет раҳбариятидан ҳар йили сирдарёлик  ёш ижодкорлар учун 5 та квота ўрни ажратишни илтимос қиламиз. Ўйлайманки, яқин йилларда ёш ва ижодга чанқоқ сирдарёлик ижодкорлар жамоасини шакллантириб оламиз.