Ҳар бир бола туғилган пайтидан бошлаб, унинг насл-насаби белгиланади. Боланинг насл-насабини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси билан тартибга солинади. Боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ФҲДЁ бўлими томонидан тегишли тиббиёт муассасасининг тегишли ҳужжатига асосан берилади. Қонуний никоҳда бўлган шахслар ўртасида туғилган болага нисбатан насл-насаб никоҳ ҳақидаги гувоҳнома асосида қайд этилади. Ўзаро қонуний никоҳда бўлмаган шахслар ўртасида туғилган болага нисбатан насл-насаб уларнинг аризасига асосан ФҲДЁ бўлимида белгиланади.

Низо бўлган тақдирда эса суд томонидан оталик белгиланади.

Оталикни белгилаш ҳақидаги ишлар судда даъво ишини юритиш тартибида кўриб чиқилади. Одатда даъвогар, яъни боланинг онаси жавобгар боланинг биологик отасига нисбатан оталикни белгилаш ҳақидаги даъво ариза билан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилади. Суд томонидан мазкур даъво аризани кўриш жараёнида тарафларнинг тушунтиришларига, мавжуд далилларга, бундан ташқари суд томонидан тайинланган ДНК экспертиза хулосасига асосланиб қарор чиқарилади.

Оталикни белгилаш ҳақидаги даъво ариза суднинг иш юритувига фақат бола туғилганлиги ФҲДЁ бўлими томонидан қайд этилганидан сўнг ва отаси ҳақидаги ёзув она кўрсатмаси бўйича яъни ёлғиз она аризаси бўйича амалга оширилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилганда қабул қилиниши мумкин.

ФҲДЁ бўлими томонидан боланинг туғилганлиги қайд этилмаган бўлса ёки қайд этилган бўлсада, боланинг туғилиши она кўрсатмаси бўйича яъни ёлғиз она аризаси бўйича эмас, балки боланинг отаси сифатида бошқа аниқ шахс кўрсатилган ҳолда ҳам суд аризани қабул қилишни рад этади.

Чунки, боланинг отаси тўғрисида ФҲДЁ томонидан амалга оширилган ёзув бола унда кўрсатилган шахсдан келиб чиққанлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади.

Қонунда оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал этиш чоғида суд эътиборга олиши зарур бўлган муайян шартлар белгиланган бўлиб, унга кўра боланинг онаси ва жавобгарнинг бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари, боланинг онаси ва жавобгар болани биргаликда тарбия қилганликлари ёки таъминлаб турганликлари, жавобгар оталикни тан олганлигини ишончли тасдиқловчи бошқа далиллар мавжудлиги ҳисобланади.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги талабларни қаноатлантириш учун кўрсатиб ўтилган шартлардан биттаси иш бўйича аниқланиши етарлидир.

Оталикни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича қаноатлантирилган ва қонуний кучга кирган суднинг ҳал қилув қарори болага нисбатан юритилган туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига тегишли ўзгартириш киритиш учун асос ҳисобланади ва туман, шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан ижро қилинади.

Ушбу ҳолатда тегишли ФҲДЁ бўлими суднинг ҳал қилув қарорига асосан болага  бошқатдан туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилади.

Ушбу ҳолатлар ўз навбатида ота-она ва бола ўртасида қонун бўйича шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради.

Хусусан, боланинг шахсий номулкий ҳуқуқи сифатида оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқи, мулкий ҳуқуқи сифатида ота-онадан таъминот олиш ҳуқуқи, бундан ташқари ота-она вафот этган тақдирда боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиш, мерос олиш ҳуқуқини вужудга келтиради.

Шу билан биргаликда оталиги белгиланган бола вояга етганидан кейин нафақат онаси олдида, балки отаси олдида ҳам ҳуқуқий мажбуриятларни вужудга келтиради.

Cарагул Намазбаева

Вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси.