Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасига кўра, Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек, боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга.

            Юртимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи томонидан ёқлаб овоз бериш орқали қабул қилинганлиги унда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан далолат бермоқда. Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

            Референдум кўп миллатли буюк халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди. Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.

            Янги таҳрирдаги Конституциянинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасига кўра, Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек, боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эгадир.

            Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси судга йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан 14 904 427.75 сўм маблағларни регресс тартибда ундиришни сўраган.  Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” Қонуни 66-моддаси иккинчи қисмига кўра, Мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар:

            боқувчисини йўқотганлик учун, шунингдек, ходимнинг меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майибланганлиги ёки касб касаллигига учраганлиги оқибатидаги ногиронлик учун;

        ходим ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига тўлгунига қадар мазкур Қонун 12-моддасининг «б» бандига мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлаш харажатларининг ўрнини қопловчи пулни иш ҳақи тўлашга мўлжалланган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказади.

            Иш ҳужжатларидан аниқланишича, 1999 йил 6 январда фуқаро Сайдуллаев Сабиржон Шайзокович жавобгарда хизмат вазифаларини ўташ вақтида майибланган ва бу тиббий меҳнат экспертиза комиссиясининг маълумотига асосан 2 — гуруҳ ногирони деб тан олинган.

      Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 23 декабрдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 357-сон қарори билан тасдиқланган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низом (бундан буён матнда Низом деб юритилади)нинг 4-бандига асосан ташкилотлар ҳар ойда меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда олинган меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсиялари тўланган ойдан кейинги ойнинг 25-санасигача мазкур харажатларни қопловчи тўловни Пенсия жамғармасига ўтказадилар.

            Даъвогар томонидан фуқаро С.Ш.Сайдуллаевга 2021 йил январь ойидан 2023 йил 01 июль санасига қадар жами 14 904 427.75 сўм ногиронлик пенсия тўланган.

           Бироқ, жавобгар томонидан мазкур харажатларни қопловчи тўловни даъвогарга ўз вақтида ўтказмаган ва натижада 2023 йил 1 июль ҳолатига  14 904 427.75 сўм пенсия тўлаш харажатлари тўланмай қолган.

            Низомнинг 3-бандига кўра, пенсионернинг яшаш жойи бўйича пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими ҳар ойда кейинги ойнинг 1-санасига қадар ташкилотга меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсияларини тўлашга харажатларни қоплаш тўғрисида регресс талабномани юборади.

            Шу сабабли даъвогар томонидан жавобгарга пенсия тўлаш харажатларини қоплаш тўғрисида тўғрисида регресс талабномаларни юборилган.

            Бироқ, жавобгар даъвогарнинг ушбу талабномаларини оқибатсиз қолдирган. Низомнинг 6-бандига асосан пенсионернинг ҳисобга турган жойи бўйича Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган пенсияларни тўлашга сарфланган маблағларнинг, улар ташкилотлар томонидан ўз вақтида тўланмаган тақдирда, қонунчиликка мувофиқ регресс даъво аризалари бўйича ташкилотлардан ундирилишини таъминлайдилар.

            Низомнинг 10-бандига асосан ташкилотлар ходим Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига етгунига қадар Қонуннинг 12-моддаси “б” кичик бандига мувофиқ тайинланган, бироқ ушбу низомнинг 11-бандига мувофиқ белгиланадиган унинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган пенсияларни тўлашга ўтган йил учун Пенсия жамғармасининг амалдаги харажатларини ҳар йили 1 февралгача тўлиқ қоплайдилар.

            Юқоридагиларга кўра даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан регресс тартибда 14 904 427.75 сўм маблағларни ундиришни сўраган.

            Иш ҳужжатларидан ва иш муҳокамаси жараёнида жавобгарнинг даъвогар олдида 2023 йил 1 июль ойи (шу жумладан) ҳолатига пенсия тўлаш харажатлари бўйича жами 14 904 427.75 сўм қарздорлиги мавжудлиги аниқланди. Ушбу фактлар иш ҳужжатларида мавжуд далолатномалар ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари ва ишга алоқадор бошқа ҳужжатлар каби далиллар билан ўз исботини топади.

            Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 68-моддаси биринчи қисмида асосан ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши кераклиги, учинчи қисмида эса ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган далилларни ишда иштирок этувчи бошқа шахслар олдида, агар ушбу Кодексда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, суд мажлиси бошлангунига қадар ёки суд белгилаган муддат доирасида очиб бериши лозим, бироқ жавобгар томонидан 14 904 427.75 сўмни тўлаб берилганлиги фактини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмади.

            Юқоридагилардан келиб чиқиб Суд, даъвогарнинг жавобгар ҳисобидан                 14 904 427.75 сўм маблағларни регресс тартибда ундириш ҳақидаги даъво талабини асосли деб топиб, уни қаноатлантиришни лозим топади.

            Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фуқаро С.Ш.Сайдуллаев корхонада ишлаш давомида меҳнат қобилиятини йўқотганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасига биноан ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги таъминланди.

Беҳзод МАҲМУДОВ,

Гулистон туманлараро иқтисодий

суди раиси