Бугунги жамиятимизда фаол бўлиш, атрофдагиларга манфаат келтириб яшаш ўзини шу юрт фуқаросиман деб ҳисоблаган ҳар бир инсон олдидаги улуғвор бурч саналади. Мен нима учун яшаяпман, инсон сифатида, умуман жамият фуқароси сифатида атрофдагиларга нафи тегадиган бирор бир ишни амалга оширяпманми, деган савол ўйлайманки, ҳар бир кишини ўйлантириши лозим. Шундай кишиларга дуч келганимизда беихтиёр ҳавасимиз ортиб, уларни бошқаларга намуна сифатида кўрсатгимиз келади.

Ана шундай фидойи, халқ манфаатини ўз манфаатидан устун деб биладиган, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари  Салоҳиддин Элмуродовдир. Улар фаолиятига назар соладиган бўлсак, жуда кўплаб халққа манфаатли ишларни амалга оширганликларини кўриш мумкин. Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашига 45- Бахт сайлов округидан сайланган ушбу депутат шу пайтгача бир қатор ижобий ишларнинг самарали якун топишига эришди. Хусусан, Сирдарё тумани Бахт шаҳридаги Тинчлик маҳалласи Янги массиви Йўл боши кўчасидаги янги уй-жой массивининг 800 п/метр қисмига тош-шағал ётқизиши ва кўчани ободонлаштириши натижасида кўча аҳолисига йўлларда эмин-эркин ҳаракатланишлари учун шарт-шароит яратилди. Бундан шу ерда истиқомат қилувчи хонадонлар мамнун бўлишди.

Шу маҳалла Наво кўчасидаги кўп қаватли уйлар атрофига 2 та болалар майдончаси ва 2 та тандирхона қуриб топширилишида жонбозлик кўрсатиши билан шу ерда яшовчи болаларга бўш вақтларини мазмунли ташкил этилишига шароит яратилди. Тандирхонада эса иссиқ нонларнинг ўз вақтида истеъмол учун етказиб берилиши аҳоли вакилларига манзур бўлди.

Бахт шаҳар Поликлиника биноси,  50 койкалик болалар юқумли касалликлар шифохонасида  ҳам С. Элмуродовнинг ташаббуслари билан қайта таъмирланди.

Шунингдек, Бахт шаҳри Ишонч маҳалласи Улуғ йўл кўчасида жойлашган икки қаватли уйлар олдидаги 100дан ортиқ ўзбошимча қурилмалар бузиб ташланиб, унинг ўрнига замонавий кўринишдаги икки хонали хўжалик биноси (ошхона ва хаммом) қуриб битказилишида бош-қош бўлди. Мазкур хўжалик биноларининг барпо этилиши натижасида маҳалла аҳли манфаатдор бўлишди. Шу билан бирга ушбу маҳаллада суюлтирилган газни тақсимловчи шахобчанинг ўрнатилганлиги аҳоли суюлтирилган газ етказиб берилишида қулайликларни юзага келтирди. Бу ишлар аввало,  депутат С. Элмуродовнинг халқ учун  ўта куюнчаклигидан далолат беради. Юқорида келтирилган маълумотлар депутат томонидан амалга оширилган ишларнинг ҳаммаси эмас. Биз уларнинг фидойилик асосидаги меҳнатларининг маҳсулини яна кўплаб давом эттирсак, арзийди. Шу каби ҳам савобли, ҳам фойдали бўлган ишларидан яна бири “Хазина” маҳалласида ҳомийларнинг кўмаги билан 30 х 15 метр бўлган 450 кв.метр майдонда мусулмонлар қабристонида тиловат қилиш хона-жойлари, қоровулхона қуриб битказишидир. Бу албатта, С. Элмуродовнинг одамийлик фазилатларини яққол намоён этади.

“Хазина” маҳалласидан бошлаб “Орзу” маҳалласида жойлашган 26-мактабгача бўлган оралиқда пиёдалар йўлагининг ташкил этганини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтиш ўринли. Бу билан биринчи галда ушбу мактабга қатнайдиган болалар энг кўп манфаатдордир. Чунки, уларнинг ҳаётлари хавф остига қўйилмаслиги лозим. Мазкур муаммо депутатнинг назаридан четда қолмаганлиги ва унинг ечими топилганини муносиб тарзда баҳолаш мумкин.

Бахт-1, Бахт-2 массивларида Намунавий ва арзон уй-жойларнинг қурилиши натижасида 234 та аҳоли уй-жой билан таъминланилиши ҳам депутатнинг ташаббускорлиги асосида бўлганлигини алоҳида қайд этиш даркор. Худди шундай уй-жойлар “Тадбиркор” маҳалласи Темир йўлчилар массивида ҳам қурилиб, 32 та хонадон вакиллари уй-жойларга эга бўлишди. Шундай уй-жойга эга бўлганлардан бири ушбу маҳаллада яшовчи 1975 йилда туғилган Андасова Умида икки нафар фарзанди билан шахсий уйга эга бўлганликлари туфайли чексиз қувончга эга бўлишди.

Ўз сайловчилари олдидаги масъулиятини яхши англай билган С. Элмуродов ижобий ҳал этган ишларининг санаб адоғига етиб бўлмайди. У  шунингдек,  “Тадбиркор” маҳалласидаги “Бойчечак” номли 12-МТМнинг мукаммал қайта таъмирланишида, шу маҳалладаги  2та уй-жойга мухтож оилаларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратилишида ташаббус кўрсатишда, маҳалладаги 4 нафар ногирони бўлган оилаларга ногиронлик аравачасининг тарқатилишида ва шу каби жуда кўп ишларда жонбозлик кўрсатганини таҳсинга сазовор сифатида қайд этиш муҳим.

Сайловчилар бундай депутатларидан жуда миннатдор. Келгуси сайловларда партиянинг шундай фидойи, масъулиятли депутатлари янада кенгайиб бориши учун “Адолат”СДП Сирдарё вилояти Кенгаши ходимлари ҳозирдан ишга киришган.

Албатта, бу С.Элмуродовнинг сўнги йилларда амалга оширган саъй-ҳаракатларидан бир парча ҳисобланади. Биз бундан кейин ҳам бу депутатимиздан шу каби самарали ишларини кутиб қоламиз.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Сирдарё вилоят Кенгаши

 матбуот котиби