ЁШ ЙИГИТНИНГ  ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАГИ                                                              “САРГУЗАШТ”ИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

Ижтимоий тармоқда ўзини диний тарғиботчи ҳисоблаган йигитга суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судида судланувчи — йигирма ёшли ўспирин йигитнинг билиб-билмай қилган жинояти кўриб чиқилди. Бир сўз билан айтганда ҳуқуқ тартибот органлари томонидан йигитчанинг ижтимоий тармоқлардаги “саргузашт”ларига ўз вақтида чек қўйилди.

Мирзаободлик бу йигит ўзининг шахсий профили орқали интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган,  аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни, диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутлари ҳамда рамзий белгиларини сақлаган ва  тарқатганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги эксперт Комиссияси томонидан берилган судга оид комплекс экспертиза хулосасига кўра, юқоридаги диний мазмундаги материаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги, ушбу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланганлиги, ушбу материалларни “Instagram” ижтимоий тармоғидаги “muratbekov 010” номли профил фойдаланувчиси томонидан саҳифасининг “публикация” бўлимига жойлаштирганлиги ва бу орқали “дўстлар” лентасида автоматик тарзда акс этишига сабабчи бўлганлиги, ушбу материал тармоқ фойдаланувчилари томонидан 49 маротаба томоша қилинганлиги, ушбу материалларни “публикация” бўлимига жойлаштиришни тармоқ орқали юбориш сифатида баҳолаш мумкинлиги кўрсатилган. Оқибатда ижтимоий тармоқда ўзини диний тарғиботчи ҳисоблаган йигит миллий қонунчилигимизга асосан суд мажлисида қилган ишига яраша жавоб берди.

Судланувчи судда ўзини айбсиз қилиб кўрсатмоқчи бўлди. Лекин унинг шахсий аккаунти орқали кўплаб кузатувчиларга тарқалган видеолар бунинг аксини кўрсатди. Мазкур ишда судья тўпланган далиллар, гувоҳларнинг кўрсатувларини ўрганар экан, судланувчининг айбига иқрорлик сўзини ҳам эшитди. Лекин ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар бўлганидек,  судланувчига нисбатан суд Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг  тегишли моддалари билан уч йил муддатга озодликни чеклаш жазосини  тайинланди.

Турли ёт ғояларга ўзининг алдангани етмаганидек, кўр-кўрона бошқаларни ҳам эргаштирмоқчи бўлган йигитнинг ҳар бир босган қадами ва айтган сўзи маҳалла ва тегишли идоралар назорат остида бўладиган бўлди.

Иброҳим Қорабоев,

вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати  судьяси