САВОЛ: Закалат ҳақида тушунча берсангиз.

                      Н.Хамидуллаев.

            ЖАВОБ: Закалат тушунчаси қонунчиликда ҳам мавжуд. Фуқаролик кодексининг 311-моддасига асосан шартнома тузаётган тарафлардан бири шартнома тузилганини исботлаш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан берадиган пул суммаси закалат ҳисобланади. Яъни биз олди-сотди жараёнида бирор нарсани  сотиб олишдан олдин унга пул бериб қўйишимиз —  закалат.

            Аммо бу ерда биз амал қилмайдиган бир қоида бор. Мазкур модданинг иккинчи қисмига асосан закалат тўғрисидаги келишув закалатнинг суммасидан қатъий назар, ёзма равишда тузилиши керак. Бундай келишув қонун талаби бўйича ёзма бўлиши керак.

            Шартномадаги тараф амалга ошириши керак бўлган тўловлар ҳисобидан тўланган сумма закалат эканлигига, хусусан ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган қоидага риоя қилмаслиги оқибатида, шубҳа туғилган тақдирда, сумма, агар бошқа ҳол исботланган бўлмаса, бўнак сифатида тўланган деб ҳисобланади. Яъни, агар сиз закалат бериб уни ёзма шаклда расмийлаштирмасангиз бу бўнак сифатида баҳоланиши мумкин.

            Шу ерда сизда савол туғилиши мумкин. Закалат ёки бўнак бўлганда унинг ҳуқуқий оқибати қандай бўлади, деган. Фуқаролик кодексининг 312 моддасига асосан мажбурият уни бажаришдан олдин тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки бажаришнинг имкони йўқлиги оқибатида бекор қилинган тақдирда закалат пули қайтариб берилиши керак. Агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат пули берган тараф жавобгар бўлса, закалат иккинчи тарафда қолади. Агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат олган тараф жавобгар бўлса, у  иккинчи тарафга закалатни икки баравар қилиб қайтариши шарт.

            Бундан ташқари шартноманинг бажарилмаслиги учун жавобгар бўлган тараф, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, закалат суммасини ҳисобга олган ҳолда иккинчи тараф зарарларни тўлаши шарт

            Демак, закалат бераётганда доим ўйлаб кўриб кейин беринг. Агар закалатни бериб сизнинг айбингиз билан савдо амалга ошмаса закалат закалат олвучида қолади ва пул қайтарилмайди.

Саволга Сирдарё туманида хусусий амалиёт билан шуғуланувчи нотариус К.ХУШВАКОВ жавоб берди.