Гулистон шаҳридаги муҳташам «Марварид» тўйхонасида Сирдарё вилоятининг йил сарҳисобига бағишланган  матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Сирдарё вилоятининг 4 та сектори раҳбарлари ўтаётган 2018 йилда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоб беришди.

Дастлабки маъруза учун сўз вилоят ҳокими Ғофиржон Мирзаевга берилди.

Сизларни бу ерга таклиф қилишимиздан асосий мақсад, Сизларга ҳисобот беришдир, — деди ўз сўзида Ғ.Мирзаев. — Янги йилда олиб борилаётган ишларимизнинг самарадорлигини ошириб борамиз, бунга ваъда берамиз, ишларимизни шаффофлик асосида олиб борамиз, ҳозир   матбуот анжуманида  ҳамма саволларингизга батафсил жавоб бераман.

Ўтган йилда вилоятда 6218 та янги иш ўринлари яратилди, вилоятимиз иқтисодиётига  ўтган йилдагига қараганда инвестиция 4 баравар кўп киритилди, шу билан бирга экспорт ҳажми  ошди, тадбиркорларимиз дунёда тенги йўқ маҳсулотларни ишлаб чиқариб,  бутун дунё бозорларига етказтб беришмоқда. Мен бу билан  фахрланаман, — деди вилоят ҳокими.

Айтиш жоизки, Сирдарё вилоятида ишлаб чиқариш 106 фоизга  бажарилди, аҳоли жон бошига ўтган йилга нисбатан 1.2 минг сўмга ошди. Хорижий инвесторларни  жалб қилиш бўйича жами 647 млн долларлик 45 та шартнома ва меморандумлар имзоланди.  Шу йил вилоятимиз делегациясининг Хитойга қилган  ташрифи чоғида Президент Си Цзи Пин томонидан   ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олинганлиги, бугунги кунда вилоятда ўнлаб Ўзбекистон -Хитой қўшма корхоналари ишлаб турганлиги ҳақида гапириб берар экан, Ғофиржон Мирзаев ушбу ютуқлардан ҳар бир “мен сирдарёликман” деган инсон ғурурланиши керак, деб таъкидлади.

Инвестиция –бу янги иш ўринлари, бу эса ўз навбатида оилаларга фаровонлик кириши  демакдир. Қувонарлиси, қилинган саъй-ҳаракатлар натижасида ўтаётган йилда янги иш ўринлари 2017 йилга қараганда 130 фоиз ошиғи билан яратилди.

Кеча муҳтарам Президентимиз томонидан таъкидланганидек, вилоятимиз бюджетида режадан ташқари бажарилган ишлар самараси сифатида  1,2 дан зиёд трлн. сўм маблағ қолдирилди. Ушбу маблағ  туман-шаҳарларимизни ободонлаштиришга, фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасига сарфланади.

Тижорат банклари томонидан 1393 нафар тадбиркорга 29 млрд сўмдан ошиқ кредит берилди. Бунинг натижасида хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес ривожлантирилди. Қишлоқ хўжалиги бўйича ғалла режаси 106 фоизга бажарилди ва Республикада иккинчи ўринга чиқдик. Пахтадан  режани баэжара олмаган бўлсакда, толадан яхши фойда қилдик. Энди қилган фойдамизнинг самарасини обод қишлоқларимиз, кам таъминланганларга қурган уйларимиз, гулзорга айланган Гулистон қиёфасида кўрамиз, насиб қилса.

Шу ўринда, вилоят ҳокими залда ўтирган меҳнат фахрийларига ҳам ўз эҳтиромини билдирар экан, халқимиз меҳрибон ва меҳнаткаш халқ, ота-боболаримиз қамишдан капа қуриб, чўлни обод қилишган. Мухтарам Президентимиз шунинг учун хам Сирдарёга алоҳида эътибор билан қарайдилар. Биз ота-боболаримиз руҳи олдида  вилоятни ҳар тарафлама ривожлантиришга масъулиятлимиз, деб таъкидлади.

-Бугун Сирдарё республикада салмоқли ўринларни эгаллади, пилла бўйича ҳам сирдарёликлар илғор, бу йил пилладан уч бора ҳосил олинди. Қорамолчилик, балиқчилик ҳам илгари мисли кўрилмаган миқёсида ривожланди. Илгари бор-йўғи 3 минг тонна балиқ етиштирилган бўлса, бу йил 12 минг тонна балиқ етиштирилди. Мен сирдарёликларнинг дастурхонида бу ажиб таом доим бўлишини хохлайман. Балиқ бизнесининг Сирдарё халқига фойдаси тегиши керак, деб ҳисоблайман, -деди вилоят ҳокими.

-Очиқ-ойдин гаплашайлик, қайси соҳада бўлмасин,  қонуний ишлайлик, қишлоқ хўжалиги соҳасида бўладими, тадбиркорликдами, ҳақиқат ва адолат принципи бўлиши керак. Бу ерда ОАВ ходимлари ўтиришипти, улар буни билишсин, ким қайси соҳада бўлмасин, давлат ва халқ олдидаги вазифасини қонуний бажарса бўлди, — деди Ғофиржон Мирзаев.

— “Мен Сирдарёликман” деган принцип билан  яшайлик ва ишлайлик, дея мурожаат қилди вилоят ҳокими. — Вилоят иқтисодиётига зарар келтириши мумкин бўлган ҳар бир ноқонуний  ҳаракатга қонуний чора кўрилади. Жамоатчилик ва ОАВдан илтимос қиламан, мана шу нарсаларга эътибор бериб, аччиқ бўлса-да ҳақиқатни ёзинглар.

-Амир Темур тадбири билан айтганда,  мингта тадбирсиз одамдан битта тадбирли одам қадрлироқ, шунинг учун ҳам тадбиркор ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаймиз. 4 та сектор раҳбари, ҳаммамиз  Сизлардан сўраймиз, бу борада жамоатчилик ва ОАВ ўз назоратини ўрнатсин.

 

Шунингдек, вилоят ҳокими қишлоқ хўжалигида бажарилиши лозим бўлган ишлар, экспорт маҳсулотлар ҳақида сўзлади. Шу ўринда кеча Мурожаатномада Президентимиз томонидан айтиб ўтилган кластер услубига ўтиш ҳақида, Оқолтин туманида Сингапурнинг  «Индорама»компанияси  инвесторлари кластер ташкил қилгани,  тўғрисида гапира туриб, улардан кутилаётган натижа юксак бўлишига ишонч бор, — деди вилоят ҳокими. Шунингдек, вилоят марказида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари хақида тўхталиб, Гулистон Сити қурилиши хақида ахборот берди.

  • 2018 йилнинг бошидан оқ ва гўзал шаҳар қурилиши бошланади, дея ваъда берди вилоят ҳокими. -Бу ерда ўтирганлардан бир нарсани сўрайман, Гулистонни гулзорга айлантиришга ёрдам беринг, ҳаммамиз жипслашиб, бу ерни обод ва гулзор шаҳарга айлантирайлик.
  • Фахр билан айтаман, нуронийлар доим ёнимизда, уларнинг маслаҳати ва дуоси билан иш олиб боряпмиз, деди вилоят ҳокими. — Шу билан ижтимоий соҳаларда, жумладан тиббиёт ҳамда халқ таьлими тизимидаги   муассасаларда мавжуд камчиликлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди, вилоят ҳокими ушбу ҳолатлар юзасидан рўй-рост мақолалар ва кўрсатувлар тайёрлаган ОАВ ходимларига миннатдорчилик билдирди. Сиз бизнинг кўзимиз бўлинг, биз камчиликларни бартараф қиламиз, агар сизлар бўлмасангиз баьзи камчиликлар эътибордан четда қолиши мумкин эди, дея эътироф этди вилоят ҳокими.

Маьруза давомида ёшлар масаласига ҳам алоҳида тўхталинди. Сирдарё вилоятидан Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган 3,5 минг нафар йигит-қизлар ўқиши, уларнинг битирувчилари билан Тошкент шаҳрида учрашув ўтказилиб, битирувчиларни вилоятга таклиф этилганлиги тўғрисида ҳам ахборот берилди. Бизга малакали мутахассислар керак, фақат улар билан вилоятни ҳар тарафлама ривожлантиришимиз мумкин, дея таъкидланди маърузада.

Шу билан бирга, бу йил сирдарёлик спортчилар томонидан  спорт соҳасида эришилган ютуқларга  ғурур билан тўхталди. Шу билан бирга, спорт билан шуғулланишни истаган ўғил-қизларга барча шароитлар яратилишини, 2019 йилда  юз фоиз спорт мактаблари ва мажмуалари таьмирланиши, шу кунларда таьмир сметалари тайёрланаётгани тўғрисида ахборот берди Ғофиржон Мирзаев.

Муҳтарам Президентимизнинг Мурожаатлари бўйича алохида чора-тадбир белгилаймиз, — деди вилоят ҳокими.- Энди эса кимда қайси соҳа бўйича  саволи бўлса, марҳамат!

Атбуот анжуманида иштирок этган Ўзбекистон Ахборот Агентлигининг вилоят мухбири Абдужалол Қаюмовнинг мактабларни қишдан беталофат олиб чиқиш тўғрисидаги саволига вилоят ҳокими тадбиркорлар томонидан Қозоғистондан олиб келинаётган кўмир билан таьминланишини,  вилоят ҳокимнинг жавобига қўшимча қилган  қурилиш буйича вилоят ҳокими ўринбосари Жаҳонгир Иброҳимов ҳар бир мактабга Карагандадан кўмир олиб келинган ва  3 тоннадан тарқатилади, деб ахборот берди.

«Правда Востока» газетасининг мухбири  Тўлқин Аҳмадалиев томонидан Сирдарё брендини шакллантириш ҳақидаги таклиф берди. Ҳар бир ҳудуднинг ўз бренд маҳсулоти бўлиши керак, бизнинг ҳам Мирзачўл қовунларимиздан, Сирдарё балиғидан тайёрланган маҳсулотларни бренд даражасига кўтармоғимиз керак деган таклифни  вилоят ҳокими қўллаб-қувватлади.

«Сирдарё ҳақиқати» газетасининг мухбири Муҳаммад Али Аҳмад вилоят ҳокимига бир йилда бир маротаба бўлса-да шундай матбуот анжумани ўтказиб туришни таклиф этди. Шу билан бирга газеталарда босилаётган  танқидий мақолаларга эьтибор қаратишини, ушбу мақолаларда кўтарилган камчиликлар бартараф этилишини масъул раҳбарлардан талаб қилишини сўради. Вилоят ҳокими унга жавобан, ОАВлар жамият кўзгуси экани, ҳар куни жамиятда бор ютуқ ва камчиликлар шу ойнада акс этишини, албатта, танқидни тўғри қабул қилиб,  бундан буёғига танқидий мақолаларга эьтибор беришга ваъда берди.

Шу билан биргаликда вилоятда босмахонани  ишга тушириш, матбуотга  обуна масаласида ёрдам бериш масаласида ҳам тўхталиб ўтди.

Матбуот анжуманидан сўнг Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида   эришган муваффакиятлари учун тадбирда иштирок этаётган бир гуруҳ  спортчи йигит-қизларни қимматбаҳо совғалар –уй, рангли телевизор, ва бошқа жиҳозлар  билан тақдирлади.

 

Зебо Ҳайдарова.