Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 2 февраль куни имзоланган “Хотин-қизларни кўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган муносабатни янада янги босқичга кўтарди. Фармон доирасида хотин-қизлар фаолиятини юксалтириш бўйича 4 та муҳим йўналиш белгилаб берилган бўлиб, ҳозирги кунда вилоятимизда бу йўналишлар бўйича Хотин-қизлар қўмиталари томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Бугунги кунда вилоятимизда 409 минг нафар хотин-қиз истиқомат қилмоқда. Шундан, 143 минг нафар вояга етмаган қизлар,  6 нафар Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, 20 нафар Зулфия мукофоти совриндори ва 50 нафар  давлатимизнинг турли  мукофот совриндори  ташкил этмоқда.

Вилоятимиз бўйича хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича  йўл хариталари тузилиб, бундай тоифадаги хотин-қизларимиз билан индивудиал ишлар амалга оширилаётир.

Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож- 2757 нафар хотин-қиз мавжудлиги аниқланди.

Якунланаётган йил давомида вилоятимизнинг 178 нафар хотин-қизини уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган бўлиб, уй-жойлар қийматининг бошланғич бадал қисми тўлаб берилишига эришилди.   Уларнинг 56 нафарига  республика махсус фондидан,  94 нафарига Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондидан ҳамда 28 нафарига ҳомийлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланган.

 

Бандликни таъминлаш, иш ўринлари яратиш демакдир

 

Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят Бандлик бош бошқармаси ва ҳамкор ташкилотлар билан манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.

Меҳнатга яроқли бўлган  149 минг 145 нафар аёллар миқдори аниқланган бўлиб,  уларнинг  84 минг 189 нафари доимий иш билан банд ҳисобланади.

34 минг нафар хотин-қизлар эса мавсумий ишларга жалб қилинган. Қолаверса, янги иш ўринлари яратиш ва имтиёзли кредитлар ажратиш ҳисобига ишлаш истагида бўган 650 нафар опа сингилларимизнинг 587 нафарининг бандлиги таъминланди.

 

ҲЕЧ БИР АЁЛ ЖИНОЯТЧИ АТАЛМАСИН

 

Бугунги кунда қўмита олдида турган муҳим вазифалардан бири хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишдир. Бу курашда  аввало, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш лозим.  Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш даркор. Бу борада ишларни ташкил этиш  юзасидан манзилли йўл хариталари тузилиб, ҳуқуқтартибот идоралари ва ҳамкор ташкилотлар билан ишлар ташкил этилмоқда.

Бу йилнинг 11 ойи ҳолатига Сирдарёда Хотин-қизлар ўртасида- 114 та жиноят содир этилган.

Ўз ваколатларимиздан фойдаланган ҳолда туман ва шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси томонидан- 13 нафар жиноят содир этган аёллар кафиллик асосида жазодан озод этилди.

 

ГУЛ ҲАЁТИ БЕВАҚТ СЎНМАСИН

Аёл гулга ўхшатилади ва бу ўхшатиш энг топиб айтилган. Гулга парвариш ва эътибор кўрсатилса, гўзаллиги ошади. Акси бўлса, сўлиб боради, нобуд бўлади. Аёл зотида вақти келса, енгилмас бардошни кўра оламиз. Бироқ ҳаёт  қийинчиликлари олдида умрини севмай қўйиб энг оғир гуноҳ, жонига қасд қилиш ҳолатлари афсуски, учраб турибди. Сирдарёда йил давомида 56 та ана шундай ҳолат қайд этилган.  Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан
14 тага камайганига қарамай, бу муаммо  оғирлигича қолмоқда.    Уларнинг 38 нафари ҳаёт билан видолашган.

 

ХУЛОСА

Давлатимиз раҳбари томонидан Фармон билан белгилаб берилган устувор йуналишлардаги вазифалар  Хотин-қизлар қўмитаси зиммасига масъулият ва жавобгарликни юклайди. Бу эса барчамизни тинимсиз ҳамда фидойилик билан ишлашга ундайди.

Жонажон ватанимизни янада обод ва фаровон бўлиши йўлидаги мақсадларни амалга оширишда бир тан бир жон бўлиб, ҳалол меҳнат қилишга, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва унинг барча қуйи бўғин хотин-қизлар қўмиталари, кайвони онахонларимиз, фаол аёлларимиз доно қизларимиз бу хайрли ишларга бош-қош бўлиб, барча опа-сингилларимизнинг эзгу ниятлари, орзу армонларининг рўёбга чиқиши учун бор куч, ғайратимизни сафарбар этамиз.

Биз бугунги кунда аёл шаънининг ҳимоячиси сифатида  қўмита аъзолари ўз олдимизга қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажарган ҳолда, хизмат қилишимиз, бир биримиз билан елкадош бўлиб  муқаддас аёл номига доғ туширмасдан ўз вазифаларимизни адо этишимиз даврни ўзи кўрсатмоқда. Бу борада бизни ҳимоячиларимиз, маслакдошларимиз бўлган эр йигитларимизга бугунги кундаги биз билан ҳамкорликлари учун ўз миннадорчилигимизни билдириб, кейинги фаолиятларимизда ҳам уларнинг кўмагига суянамиз.

 

Дилфуза ЎРОЛОВА,

Сирдарё вилоят хотин- қизлар

қўмитаси раиси