Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллиги байрами арафасида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил топганининг 15 йиллиги шарафига «Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир» шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир O’zLiDeP Сайхунобод туман кенгаши ташаббуси билан туман ҳокимлиги, мудофаа ишлари бўлими, хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорилигида ташкил этилди. Унда туман мудофаа ишлари бўлими офицерлари, партиянинг ёшлар қаноти,  2000 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Ватанимиз сарҳадлари тинчлиги учун бўлган жангларда иштирок этган 7 нафар сайхунободлик ҳарбий учувчиларнинг ота-оналари ва оила аъзолари, умумтаълим мактаби, касб-ҳунар коллежи, “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Навқирон авлодни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини юксалтириш мақсадига йўналтирилган тадбирда, мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар Қуролли Кучларимиз сафини ҳар томонлама етук ҳарбий хизматчилар билан тўлдиришни сифат жиҳатидан яхшилаш имконини бераётгани, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳар томонлама баркамол улғайишига алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани хусусида тўхталди.

2000 йилнинг август ойида жанубий сарҳадларимизга суқулиб кирмоқчи бўлган халқаро террористик гуруҳларга қарши Ўзбекистон Қуролли Кучларининг махсус операция кучлари батальони жангларда иштиок этди. Пистирмадаги душманни йўқ қилиш учун 300 дан ортиқ ҳарбий хизматчи мардона жанг олиб борди.

– Ўша жангларда мамлакат Ҳарбий Ҳаво Флоти учувчилари сафида туманимиздан 7 нафар ҳарбий учувчилар ҳам иштирок этгани биз сайхунободликларнинг қалбларимизда улкан фахр туйғуларини жўш урдирди, – дейди O’zLiDeP туман кенгаши раиси У.Ниязов. – Замонамиз қаҳрамонлари орамизда. Улар Ватанимиз сарҳадлари мустаҳкамлигини, юртимиз тиинчлигини, халқимиз осойишталигини таъминлаш мақсадида Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилишаяпти. Ана шундай ватанпарвар фарзандларни камолга етказган ота-оналари эса биз билан бир туманда истиқомат қилмоқда. Бундай инсонларни ёшларимиз таниши, эъзолаши, уларга ҳурмат ва эътибор кўрсатишлари ҳам қарз, ҳам фарз демакдир.

Тадбирда туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, майор А.Мўйдинов, Оила илмий амалий маркази Сайхунобод тумани филиали директори И.Хадиярова, Ҳарбий Ҳаво Флоти сафида хизмат қилаётган учувчиларнинг ота-оналари ва оила аъзолари номидан Н.Жонқобилова ва бошқалар, мустақиллик йилларида юртимиз ёшлари учун миллий армиямиз ҳақиқий ҳаёт мактабига айланганини, Ватанга муҳаббат аввало оилада шаклланишини, ота-она болаларига биринчи галда ўз уйини, кўчасини, маҳалласини, юртини қадрлаши лозтмлигини таъкидладилар.

Ватанимиз жанубий сарҳадларидаги жангларда иштирок этган, ҳозирда Ўзбекистон Ҳарбий Ҳаво флоти сафида хизмат қилаётган сайхунободлик учувчиларнинг оналарига ҳамда партия фаолларига O’zLiDeP туман кенгашининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Тадбир сўнгида туман бадиий ҳаваскорлари ҳамда “Темурбеклар мактаби” ҳарбий оркестри томонидан намойиш этилган концерт дастури йиғилганларга завқ-шавқ бағишлади.