Аҳоли мурожаатлари мутасадди идоралар раҳбарлари томонидан ўз вақтида ҳал этилса,   «Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Виртуал  қабулхонаси»га мурожаат қилувчилар сони ҳам шунча камаяди.

  Халқ қабулхоналари фаолияти бугунги кунда тизимли равишда фаолият олиб бормоқда. Аҳоли муаммоларига ҳуқуқий ечим топиш, ҳалқни рози қилиш мазкур идора вакилларининг устувор вазифасидир.

  Боёвут тумани аҳолиси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Виртуал  қабулхонаси» электрон тизимига 2023 йилнинг учинчи чорак якуни бўйича жами 3480 та  мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг   1994 таси ижобий ҳал қилинган.  Қолганлари ҳуқуқий маълумот бериш,  тушунтириш бериш орқали ҳал қилинган.

  Гарчи, аҳоли мурожаатларининг камайишига эришилган бўлсада, айрим мутасадди давлат бошқарув органлари ва давлат ташкилотлари томонидан бу борада етарлича иш олиб борилмаяпти. Кўтарилаётган муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилинмаслиги ёки  мурожаатларга етарли даражада муносабат билдирилмаётганлиги натижасида айрим маҳалларда мурожаатлар сони ортмоқда.

  Жумладан, маҳаллалар кесимида 100 дан кўп бўлган мурожаатлар ва уларнинг ҳал этиш даражаси ўрганилганида 1-секторга қарашли бўлган “Анорзор” маҳалласида аҳолидан 161 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларниг  61 таси ижобий ҳал этилган, 65 тасига ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал этилган ва қолганлари бўйича мурожаатчиларга тушунтиришлар берилган. Шунингдек  бундай ҳолатни “Бобоюрт, “ Янги авлод”, “Бекат” МФЙларида ҳам кузатиш мумкин.

     Туманнинг, “Анорзор”, “Бобоюрт”, “Янги авлод” ва “Бекат” маҳаллаларида Халқ қабулхонаси  секторлар ҳамда давлат идоралари билан ҳамкорликда мунтазам равишда сайёр қабуллар қабуллар ташкил қилинмоқда. Ишчи гуруҳлари томонидан аҳоли муаммолари хонадонма — хонадон ўрганилиб,  босқичма босқич  ҳал қилиб келинмоқда.

   Аҳоли мурожаатларининг ўз вақтида ҳал этилмаётганлиги, қилинган мурожаатлар ўз вақтида  жойига чиқиб ўрганилмаётганлиги, масъул шахслар томонидан мурожаатни ўрганишга масъулиятсизлик билан ёндошиб келинганлиги туфайли юқорида номлари тилга олинган МФЙларда  мурожаатлар салмоғи ортган.

  Аҳоли давлат идоралари томонидан сансалорлик ва оворагарчиликка рўбарў бўлганида Президент Халқ қабулхонасига  мурожаат қилади. Шу боис ҳам  Халқ қабулхоналари томонидан ҳар бир мурожаатни тезкорлик билан  ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.

        “Анорзор” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Шербаева  “Аёллар дафтари”да рўйхатда туриши, оилавий шароити оғирлигини маълум қилган. Унинг умуртқа поғонаси ўртасидаги ўсмани операция қилиш ордер олиш тўғрисидаги мурожаати тезлик билан ижобий ҳал этилди. Унга  вилоят шифохонасида операция қилиниши учун ордер ажратилди.

  Шунингдек, Фарход маҳалласида истиқомат қилувчи М.Мирсаидова ҳам ўз мурожаатида  “Аёллар дафтари”да рўйхатда туришини маълум қилган. Боқувчиси йўқ. У иккинчи гуруҳ ногирони бўлган фарзанди Б.Мирсаидовни ўқув йили бошланаётганлиги муносабати билан мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлашни сўраган. Унинг мурожаати тезлик билан  туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ижобий ҳал этилди. Б.Мирсаидов  мактаб формаси ва ўқув қуроллари таъминланди.

        Туман Халқ қабулхонаси томонидан ўтган  9 ойда  42 та мурожаатлар тезкорлик билан жойида ҳал қилинди. Мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорликка йўл қўйган давлат идораларининг 3 тасига нисбатан тақдимнома,  18 та кўрсатмалар  ва  Халқ депутатлари туман кенгашига 12 та ахборотлар киритилган.

  Юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш, халқ билан бевосита мулоқот энг устувор вазифа этиб белгиланган. Шу боис ҳам мурожаатларнинг ўз вақтида қонуний ҳал этилиши чораларини кўриш барча раҳбарларнинг асосий вазифасидир.

Илҳом ХАИТОВ,

Боёвут туманидаги Халқ

қабулхонаси еткачи мутахассиси