педагоглар шаъни, қадр-қиммати қонун

                                                билан ҳимоя қилинади.

            Педагоглар фаолиятига ноқонуний аралашган мансабдор шахслар маъмурий қамоққа олиниши мумкин.

            Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан 2023 йил 27 март куни Президент имзолаган қонунга асосан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодкексларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

            Мазкур нормалар давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг педагогларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг меҳнатга мажбурланишига, таълим-тарбия жараёнига тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай шаклларига, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўришга хизмат қилиши назарда тутилган.

            Дастлабки қўшимча Жиноят кодексининг «Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш» деб аталган 148-2-моддасига киритилди. Яъни мазкур модда янги учинчи қисм билан тўлдирилди. Унга кўра, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, (бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно) таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. 

            Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг «Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш» дея номланган 51-моддаси эса иккинчи қисм билан бойитилди. Унда таълим ташкилотининг педагог ходимини меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик (бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно) учун жавобгарлик назарда тутилган. Бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима жазосига тортилади. Шунингдек, кодекснинг 197-5 ва 283-моддаларидаги «Таълим муассасаси» деган сўзлар «Таълим ташкилоти» деган сўзлар билан алмаштирилди.

            Бу эса сўнгги ватқларда педгогларга кўтарилаётган муштлар жавобсиз қолмаслиги, амалда педагог ходимларнинг нуфузини ошириш учун ҳам хизмат қилиши аниқ.

Машрабжон Улуғбеков

жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судининг судьяси