“Нотариус халқ хизматида!” акцияси доирасида Сирдарё вилоятида сайёр тартибда нотариал харакатларни амалга ошириш тадбирлари давом этмоқда.

Хусусан, Янгиер шаҳар 3-сон давлат нотариал идораси нотариуси Халима Шодиева томонидан 2019 йил 13 февраль куни Ховос туман Фарход 5 қўрғони “Увоқ” қишлоғида ётиб қолган фуқарога пенсия пулини олиш учун ишончнома расмийлаштириб берилди.

Боёвут туман давлат нотариал идораси нотариуси Лочин Болтаев  “Ғалаба” СИУ “Янгиобод” маҳалласида бўлиб, кекса ва ётиб қолган фуқаронинг васиятномасини тасдиқлаб берди.

Жойига чиқиб нотариал ҳаракатларни амалга ошириш вилоятимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

Хусусан, 13 февраль куни Ховос туманида ўтказилган тадбир жараёнида кейинги икки йил ичида нотариат соҳасини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳага киритилган янгиликлар ҳақида сўз борди.

Давлатимиз раҳбари нотариат тўғрисидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш тўғрисидаги норматив ҳужжатларга киритилган янгиликларни жорий қилиш чоғида нотариусларнинг олдига одамларнинг оғирини енгил қилиш, фуқаролар учун энг қулай услублар танлаш, шаффоф тартиб-таомиллар ўрнатиш вазифасини қўйди, — дейди Ховос туман ДНИ нотариуси Шириной Қаршиева. – Демак, биздан ҳам фаолиятимизга янгиликлар киритишимизни, халққа хизмат қилишнинг самарали йўлларини топиш учун изланишимизни даврнинг ўзи тақозо қилади. Шу маънода, Президентимизнинг 2018 йил 25 майдаги “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам бу борадаги яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди.

Мазкур қарор ижроси  ўлароқ кўчмас мул ижараси ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилинди, лекин ижара шартномаларини солиқ идораларида мажбурий тартибда ҳисобга қўйиш кераклиги белгиланди.

Кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни республикадаги исталган нотариал идорада расмийлаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг нотариал идораларга электрон мурожаат қилиш тартиби белгиланди.

Мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишга таъқиқ қўйиш ва уни бекор қилиш нотариал ҳаракати ва унга алоҳида давлат божи тўланиши нормаси ҳам чиқариб ташланди.

Нотариусларни аттестациядан ўтказиш ва уларни ротация қилиш ҳамда бошқа ўзгартишлар киритилди.

Жорий 1 январидан бошлаб, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш фақат «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган қатъий ҳисобот бериладиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилмоқда.

Юридик шахс нотариусга ихтиёрий мурожаат этганда, юридик шахс коллегиал органининг қарори қабул қилинганлиги факти нотариал тасдиқланиши лозим.

Фаол модель доирасида нотариуслар томонидан битимларни тасдиқлашда «ягона дарча» тамойили бўйича турар жойда доимий прописка қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар, биометрик ва паспорт маълумотлари, кўчмас мулк, шу жумладан, бошқа шахсга ўтказишга таъқиқ белгиланганлиги ва хатланганлиги тўғрисидаги зарур маълумотлар, юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик мавжудлиги, мавжуд эмаслиги ҳақидаги ахборотларни нотариуслар мустақил равишда олиб текширадилар.

Турли можароларнинг олдини олиш учун васиятномаларни, шунингдек жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз қўли билан имзолай олмайдиган киши номидан битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёнини мажбурий аудио ва видеога қайд этиш жорий этилди.

Шунингдек, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун  мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш учун бармоқ излари сканер қилинади ва улар паспортдаги (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатидаги) биометрик маълумотлар билан солиштирилади.

Мурожаат этувчилар нотариал тасдиқланаётган ҳужжатларга имзо қўйиш ва махсус мосламада уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлайдилар.

 

Буларнинг барчаси  нотариат соҳасига киритилган янгиликлардир ва ушбу янгиликлар юртдошларимиз оғирини енгил қилиш, турли идоралар ўртасида сарсонгарчиликларнинг олдини олишга қаратилган.

Сафарбой Тоғаев,

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари.