Оила – жамиятнинг асосий бўғини. Бинобарин, оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор бўлади. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал, бахтиёр бўла олмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Шу маънода, оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, мустаҳкамлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу устувор вазифалардан келиб чиқиб O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан Сирдарё тиббиёт коллежида туман хотин-қизлар қўмитаси, халқ депутатлари вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими, туман ФХДЁ бўлимибилан ҳамкорликда “Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари” мавзусида ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Ташкил этилган тадбирда партия вилоят Кенгаши масъул ходимлари, тумандаги ижтимоий ва жамоат ташкилотлари вакиллари мавзу бўйича бугунги кундаги долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш жиҳатлари тўғрисида фикр-мулоҳазага чорлайдиган маърузалар олиб боришди.

Тадбирда мамлакатимизда оиланинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, уни ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оила қураётган ёшларнинг соғлом турмуш тарзи, фарзандлар тарбияси борасидаги билими ва кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шунингдек,эрта никоҳ қуриш оқибатида ажримларнинг сони кўпаяётгани ёшларнинг руҳий ҳолатига, уларнинг келажагига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида гапирилди.

Йигит ва қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг оқибатида оз бўлсада, қизларни ўн олти, ҳатто ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Аммо бу кўп ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса, туғилажак фарзанднинг соғломлигига ва ёш оиланинг мустаҳкамлигигасалбий таъсир кўрсатади.

Маълумотларга кўра дунё бўйича ҳар йили 15 миллиондан ортиқ қизлар она бўлади, — деди партиянинг аёллар билан ишлаш бўлими мудири Сабоҳат Бабаева —  100 миллиондан ортиқ қизлар эса жуфтлик яқинлиги орқали турли касалликларга чалинаркан. ОИВ/ОИТСга дучор бўлганларнинг 40 фоизини эса 15-24 ёшлилар ташкил қилар экан.Яна бир ачинарли маълумотлардан бири 15-18 ёшда турмуш қурганларнинг оилавий ҳаёти бор йўғи 2-3 йилгача давом этаркан, холос. Бу эса нафақат ота-оналарни, балки, кенг жамоатчиликни ҳушёрликка чорлайди.Олимларнинг фикрича, қизлар учун энг мақбул турмуш қуриш ёши 22-25 бўлиб, ўғил болалар учун эса 24-30 ёш саналаркан.

Мутахассислар томонидан қизларнинг 16-18 ёшларда она бўлиши жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги аниқланган. Кўп ҳолларда бундай ёшдаги қизларнинг соғлом фарзандни дунёга келтиришида турли муаммолар келиб чиқади. Қизларнинг жисмонан ва руҳан оналикка тайёр бўлмасдан оила қуриши кўпинча туғруқ жараёнида ўлим хавфи ортишига сабаб бўлади. Бинобарин, эрта ҳомиладорлик ёш она ҳамда бўлажак фарзанд учун ҳар томонлама хавфлидир. Халқимиз орасида қизларнинг катталар, айниқса, ота-она раъйига қарши бормаслиги одатга айланган. Кўпинча эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг қайд этилишига ана шу ҳолат сабаб бўлмоқда.

Соғлом фарзанд соғлом онадан дунёга келади. Ёшларда соғлом ва аҳил оила қуриш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга интилишни рағбатлантиришдек эзгу ишлар замирида, аввало, баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад мужассамдир.

Давра суҳбати давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан атрофлича маълумотлар олдилар.

 

 

Ҳусан Жабборов,

O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири