Гулистонлик Ибодулла муқаддам содир этган ўғрилик жиноятлари учун бир неча маротаба судланиб, жазо ўтаб чиққан бўлишига қарамасдан ўзи учун тўғри йўлни танламади. Оқибатда, “ўғри”деган ном билан умрининг бир йилини панжара ортида ўтказадиган бўлди. Тўғриси, унинг ўғрилиги бошқалар учун янгилик эмас эди. Унинг ўғрилик қилишга қўли келишиб қолган, ўзининг наздида ҳар бир ўғрилигини устамонлик билан бажарган ва ҳеч ким аниқлай олмайди, деб ҳисоблар эди. Лекин, ҳар гал унинг қилмиши фош бўлар ва охир оқибат хавфли рецидивист деб топилган ҳам эди. У муқаддам қилган ўғриликлари учун суд ҳукмига асосан жазо ўтаган бўлса-да, энди ўзига шерик ҳам топишга улгурди. Яъни,  2023 йилнинг 3 сентябрь куни соат тахминан 22:00 ларда Гулистон тумани, “Сойибобод” маҳалласида яшовчи  фуқарога  тегишли бўлган қора молларни ўғирлади. Энг қизиғи, шерикликка бегона эмас, ушбу хонадон эгасининг 20 ёшли ўғли Азаматни танлади. Бекорчиликдан пул топишнинг осон йўлини излаётган Азаматга ҳам бу таклиф ва режа ёқиб тушди. Чунки онаси  танишининг сигирларини ойига бир юзу эллик минг сўм эвазига боқиб келаётганлигини биларди. Улар бир гуруҳга бирлашиб, олдиндан жиноий тил бириктириб, оғилхона ёнида бўлган бир дона қора рангдаги, нархи тахминан икки миллион  сўм бўлган бузоқчани яширин равишда ўғирлаб, қўшни маҳалладаги Баҳриддинга сотиб юборишди. Сотган пулларини ўзаро тенг бўлиб олишгач, Гулистон шаҳридаги кафелардан бирида бирга овқатланишди. Шу куниёқ  ҳовлисида турган молининг ўғирланганлигини айтиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилган Азаматнинг онаси бу ишда ўғлининг ҳам қўли борлигини кейинчалик билиб қолди.

            Ўз уйига ўғриликка тушган Азамат суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, онаси туман ички ишлар бўлимига ариза беришидан аввал  бузоқни  далага олиб бориб ташлаш керак, деб Ибодуллага гапирганлигини, лекин уни кўндира олмаганлигини айтиб суддан енгиллик берилишини  сўради. Кеч бўлса-да, Гулистон тумани ИИБ биносига бориб, ўз қилмишини тан олган йигитчанинг сўнгги пушаймони эшитилган суд мажлисида гувоҳларнинг кўрсатувлари ва ишдаги мавжуд далиллар инобатга олиниб, ўғрилик жиноятини содир қилган бу икки йигитга қилмишига яраша жазо тайинланди.         Яъни, Азаматга нисбатан жазо тури ва муддатини белгилашда, унинг айбига иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топди ва унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг  тегишли моддалари билан иш иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил мудддатга  ахлоқ тузатиш ишлари жазосини  тайинлади.

            Хавфли рецидивист бўла туриб, бир гуруҳга бирлашиб, олдиндан жиноий тил бириктириб, уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг мол мулкини яширин равишда талон-торож қилишда ифодаланган ўғрилик жиноятини содир этганликдаги жиноят ҳаракатлари учун суд Ибодуллага Ўзбекистон Республикаси  Жиноят Кодексининг тегишли моддаларини қўллаб, бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини  тайинлаш ҳақидаги ҳукмни эълон қилди.

            Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, онасига ишониб топширилган омонатга хиёнат қилган Азамат ва ўғриликни ўзига одат қилган Ибодулланинг бу қисмати кимнингдир молига кўз олайтириб юрганларга сабоқ бўлиши аниқ. Чунки жиноят қандай услубда, қандай вазиятда ким томонидан содир этилмасин, жазосиз қолмайди. Буни вақт ва ҳаётий мисоллар кўп бора исботлаган. Худди омонатга хиёнатнинг жазоси каби.

Ўткиржон ЖУМАЕВ,

вилоят судининг Жиноят ишлари бўйича судьяси