Ҳа, фолчига ишонган опа-сингиллар судда ютқазди. Халқимизда  ўт балосидан, туҳмат балосидан асрасин, деган нақл бор. Бу бежиз эмас.

Рузихол Жумаева (мақоламиз қаҳрамонларининг исм- шарифлари ўзгартирилган)  хонадонида тўй бўлиб ўтди. Урф — одатларимизга кўра яқинлардан, таниш- билишлардан тўёналар тушди.Тўй якунида Рўзихол  тўёна пулининг бир қисми йўқолганлигини сезди ва уни қидиришга тушди.Тўёна ўлгур топилавермагач Рузихол  синглиси Турдигул билан бирга келинлари  Моҳигулга телефон қилиб,  “қизинг Дилрабо тўёна пуллари турган хонага кириб — чиқиб юрган эди. 2.000.000 сўм атрофидаги тўёна пулларини топа олмаяпмиз, сўраб кўр-чи хабари йўқмикан?”, деди.

Қизи Дилрабо билан гаплашган Моҳигул опа “Дилрабонинг бу ишлардан хабари йўқ, яхшилаб қидириб кўринглар” , деб жавоб берди.

Орадан бир кун ўтиб опа – сингиллар “кучли” фолчига боришди ва  гумонлари 13 ёшли қиз Дилрабодан эканлигини айтишганида, фолчи опа Дилрабонинг белгиларини тахминан айтиб ташлади. Шундан кейин улар шу қизга ёпишиб олишди.

— “Сен ва қизинг ўғрисанлар, яхшиликча пулларимни қайтаринглар, илоҳо у дунё бу дунё ўғри фарзандингнинг бахти очилмасин, фарзандсиз ўтсин”, дея қарғаниб она-болани кўча- куйда юргани қўйишмади. Кўрганда ҳам “Ана ўғрилар, ана ўғри қиз”, дея ҳақоратлаш даражасигача боришди. Ҳатто синфдошлари Дилрабога  “ўғри қиз” деб лақаб қўйишди. Охир оқибат  Дилрабо мактабга боришга ҳам , кўчага чиқишга ҳам қўрқадиган бўлиб қолди. Моҳигул опа ва турмуш ўртоғи  Дилрабо ўзини бирор нарса қилиб қўймасин,  дея пойлаб юрадиган бўлишди.

Фарзандининг тақдиридан хавотир олган она опа –сингиллар  Рузихол ва Турдигулнинг  хатти-ҳаракатларига нисбатан туман ИИБ га мурожат қилди.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг 2022 йил 8 февралдаги қарори билан Рўзихол Жумаева ва Турдигул Жумаевалар Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилган, деб топилиб, уларга нисбатан тегишли миқдорда жарима жазоси тайинди.

Шундан кейин Моҳигул опа Сирдарё туманлараро фуқаролик судига мурожаат қилиб, вояга етмаган қизига нисбатан туҳмат қилганлиги учун 10.000.000 сўм миқдорида етказилган маънавий зарарни ундириш ҳақида даъво аризаси билан ҳам  мурожаат қилди.

Суд ишни қонуний кўриб чиқди ва Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (қайси ) судининг 2022 йил 11 апрелдаги ҳал қилув қарори билан жавобгарлар Рузихол Жумаева ва Турдигул Жумаеваларнинг ҳисобидан даъвогар Алланазарова Моҳигулнинг фойдасига солидар тартибда 2.000.000 сўм маънавий зарарни ундириш белгиланди.Шунингдек, суд қарори билан жавобгарлар Р. Жумаева ва Т.Жумаеваларнинг ҳисобидан даъвогар Алланазарова Моҳигулнинг фойдасига даъво аризасини топширишда дастлаб тўланган 540.000 сўм давлат божи ва 18.900 сўм почта харажати суммаларини ҳам солидар тартибда ундириш белгиланди.

Фолчига ишонган опа-сингиллар судда ютқазди. Шуни айтадиларда, аввал пичоқни ўзингга ур, оғримаса бировга…

 

Журабек Худойназаров ,

Фуқаролик ишлари буйича Сирдарё туманлараро судининг раиси.