Кеча, 3 сентябр куни муборак ҳаж амалларини бажариб  қайтган сирдарёликлар кутиб олинди.

Улар орасида сайхунободлик Бахтиёр ҳожи Тоғаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббус ва амалий кўмаги билан амалларини адо этишга муяссар бўлди.

Жорий йилнинг 13 апрель куни президент Сирдарё вилоятига ташриф буюрган эди. Ташриф сўнггида Сайхунобод туманида бўлиб, Сирдарё вилояти фаоллари ва мутасадди раҳбарлар иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Сўз олганлардан бири  Бахтиёр Тоғаев президентнинг асаларичиликка қаратилган қароридан кейин, уч қути асалари инини олгани, асал етиштиришни бошлаганини айтган. Ўшанда йўл чеккасидаги бўш ётган терак эккани, улар дарахт ҳолига келгач, турмуш ўртоғи билан Ҳажга боришни ният қилганини айтди.
Отахон Президентнинг эътиборига тушиб, давлат раҳбари ҳисобидан муқаддас Ҳаж зиёратига юбориладиган бўлган эди.

Юртбошимизнинг ваъдаларига биноан, меҳнати орқасидан пешоналари ярқираган  Бахтиёр ва Назира Тоғаевлар Ҳаж амалларини бажариб қайтдилар.

  • Авваломбор, Президентимизга раҳмат, — дейди Бахтиёр ҳожи ва Назира ҳожи оналар биз билан суҳбатда. Бизнинг камтарона, ҳалол меҳнатимизни, ҳаётга бўлган интилишимизни қадрлаб, эзгу орзуйимиз – Ҳаж сафарига ўз ҳисобларидан юбордилар. У кишининг эътибори, саховати туфайли бизга Маккага бориш, Каъбани кўриш,  у ерда намоз ўқиш бахти насиб этди. Илоҳим, дунё тургунча турсинлар, Ўзбекистон халқининг барчасига ана шундай муқаддас сафар насиб этишини тилаймиз.

    Озода Мамадалиева.