ёки Фуқаролар йиғинлари раислари                (оқсоқоллари) сайловининг ўзига хос хусусиятлари

 

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг ваколат муддати тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига асосан жорий йилнинг 16 май кунидан бошлаб фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг навбатдаги сайлови бўлиб ўтмоқда.

Мазкур фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг сайлови ўзининг бир қанча жиҳатлари билан Президентлик ёки депутатлик сайловларидан тубдан фарқ қилади.

Жумладан, Президентлик ёки депутатлик сайловларида сайлов жараёнлари бевосита Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман (шаҳар) сайлов комиссиялари, округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ташкил этилса, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси, вилоятлар, туман (шаҳар) комиссиялари, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан тасдиқланадиган ишчи гуруҳлар томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳудудида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар комиссиялари тузилади.

Комиссиялар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, тегишли халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашининг қарори билан тузилади. Комиссиялар фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) навбатдаги сайлови эълон қилинганидан кейин ўз фаолиятини тугатади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар комиссияга аъзо шахслар ёхуд уларнинг яқин қариндошлари орасидан кўрсатилган тақдирда, улар комиссия таркибидан чиқарилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасига асосан вилоятлар, туман (шаҳар) комиссиялари қуйидаги ваколатларга эга:

фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисидаги қонунчиликнинг ижросини таъминлайди;

фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларнинг (бундан буён матнда ишчи гуруҳ деб юритилади) фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини ташкил этади;

ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқароларнинг вакиллик нормасини белгилайди;

ишчи гуруҳлардан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) лавозимига номзодларга доир ҳужжатларни кейинчалик тегишли туманлар, шаҳарлар ҳокимлари билан келишиш учун қабул қилиб олади;

фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига доир ҳужжатларнинг намуналарини тасдиқлайди, бундан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши томонидан белгиланадиган сайлов бюллетенларининг намуналари мустасно;

ишчи гуруҳларнинг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар бўйича ахборотини эшитади;

тегишли ҳудудда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови якунларини чиқаради ҳамда Республика комиссиясига ахборот тақдим этади;

фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;

фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг архивга ёки идоравий архивга топширилишини таъминлайди.

Шунингдек, Президентлик ёки депутатлик сайловларида номзодлар сиёсий партиялар томонидан илгари сурилса, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан кўрсатилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

Ишчи гуруҳ фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга доир ҳужжатларни туман ёки шаҳар ҳокими билан келишиш учун тегишли комиссияга сайловдан камида ўн кун олдин тақдим этади. Туман ёки шаҳар ҳокими фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига тақдим этилган номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқади ва ўзининг ушбу номзодлар бўйича асослантирилган хулосаларини кейинчалик ишчи гуруҳларга топшириш учун тегишли комиссияларга юборади.

Бундан ташқари, Президентлик ёки депутатлик сайловларининг овоз бериш жараёнларида фуқаролар тўғридан тўғри ўзи иштирок этса, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) фуқаролар йиғини томонидан, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан уч йилга сайланади.

Фуқаролар вакилларининг йиғилишига ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқароларнинг вакиллари юборилади. Вакиллик нормаси тегишли комиссия томонидан белгиланади. Бунда фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак.

Фуқаролар йиғини ёки фуқаролар вакилларининг йиғилиши ишчи гуруҳнинг раҳбари раислигида ўтказилади. Фуқаролар йиғини ёки фуқаролар вакилларининг йиғилишида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) яширин овоз бериш орқали сайланади.

Сайлов қутилари овоз бериш тугаганидан кейин саноқ комиссияси томонидан очилади ва овозлар саноқ комиссияси томонидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига ҳар бир номзод бўйича санаб чиқилади.

Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланган деб ҳисобланади.

Агар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқаролар йиғинида иштирок этувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ярмидан камроғи иштирок этган бўлса, шунингдек, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови фуқаролар вакилларининг йиғилишларида ўтказилган тақдирда, агар йиғилишда ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакилларининг учдан икки қисмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади.

Фуқаролар йиғини ёки фуқаролар вакилларининг йиғилиши сайлов якунлари бўйича қарор қабул қилади.

 

Мирзохид  Ҳайдаров,

вилоят Маъмурий суди судьяси.