Сайхунобод туманида лойиҳа қиймати 1 миллиард 904 миллион сўмлик ФҲДЁ бўлими янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанада Адлия вазирлиги, ҳокимлик, ҳуқуқ-тартибот идоралари, мутасадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Давлетов, Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар барча соҳаларда ўзининг ёрқин самараларини бераётганини, туманда янгидан барпо этилаётган шу каби объектлар Сайхунобод халқига кўп йиллар хизмат қилиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Карнай-сурнай садолари остида республика Адлия вазири, вилоят ҳокими ва шу туманда истиқомат қилаётган меҳнат фахрийлари томонидан боғич қирқилиб, йиғилганлар бинода яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.

– Никоҳлар уйи учун махсус лойиҳа асосида қурилган ушбу бинога туман адлия бўлими, фуқаролик ҳолатига далолатнома ёзиш (ФҲДЁ) бўлими, натарюсь, тантаналар зали, кутибхона, яна 2 хонадан иборат туман архиви жойлаштирилди, – дейди “Қурувчи сантехник цемент” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Юсуф Холбеков. – Қурувчиларимиз қисқа мутдатда барпо этилган ушбу 2 қаватли бинода жами 1 миллиард 904 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Ходимларнинг меҳнат қилиши учун барча зарур шароитлар яратилиб, энг замонавий технологиялар асосида жиҳозланди.

Шу куни туман ФҲДЁ бўлими мудираси Дилфуза Шамсиева сайхунободлик Дўстмурод Ортиқов ҳамда Кумушой Абирқуловаларни тантаналар залида йиғилганлар гувоҳлигида никоҳдан ўтказди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан қурилиш ишларида фаол иштирок этган қурувчиларга фахрий ёрлиқ, зарбоб тўн ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.