Гулистон давлат университети биносида “Тадбиркорликка йўл очиш – авваламбор ёшларга, келажакка йўл очиш демакдир” шиори остида“Сенатор ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.

Ёшларни мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнига кенг жалб этиш, парламентда ишлаб чиқилаётган ва қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳиятини уларга етказиш, қолаверса, талаба-ёшларнинг кундалик ўқиш ва ишларидан ҳол-аҳвол сўраш, ўқиш жараёнларида юзага келаётган муаммоларни муҳокама қилиш, уларга ечим топиш, улар орасидан тадбиркорликка қизиқиши бўлган, ўз бизнес режа ва лойиҳаларига эга бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларга яқиндан ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган тадбирда O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши, Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши, Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Гулистон давлат университетининг маънавий-маърифий ишлар бўйича  проректори Равшан Махмудов кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, “BEK CLUSTER” МЧЖ Қўшма корхонаси бош директори Улуғбек Сотиболдиев сўзга чиқиб юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида талабаларга кенг кўламли тушунчалар бериб ўтди.

У.Сотиболдиев ёшларга муваффақиятга эришишнинг омиллари ҳақида ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда сўзлаб берди ва соҳада яратилаётган кенг имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Ёшлар Иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Шавкат Зайниддинов, O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Аппарат раҳбари Фахриддин Абдусатторов, O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири Дилшод Тўрақуловларнинг маърузалари тингланди.

Учрашув қизиқарли савол-жавобларга бой тарзда бўлиб ўтди. Фаол иштирок этган талабаларга Олий Мажлиси Сенати аъзоси Улуғбек Сотиболдиев томонидан эсдалик совғалари топширилди.

 

              Ҳусан Жабборов,

O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири