Вилоятимизнинг Сирдарё туманида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватанпарвар ойлиги муносабати билан Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли Н -ҳарбий қисмда маънавий-маърифий ва маданий тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси,  вилоят  Маънавият ва маърифат маркази, туман Маданият бўлими ҳамда вилоят Мудофаа бошқармаси  ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда муддатли ҳарбий хизматчилар, сержантлар, офицерлар, уларнинг оила аъзолари, ёзувчи, шоир, журналист ва санъаткорлар   иштирок этди.

Айтиш жоизки, вилоят ҳудудида ўтаётган ижодий учрашувларда мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида замонавий, ихчам, тез ҳаракатланувчи, пухта тайёргарликка эга, юрт хавфсизлиги, ҳудудлар яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва осмонимиз мусаффолигини таъминлаш, халқимизнинг тинч, осойишта ва фаравон ҳаётини ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз шакллантирилгани алоҳида таъкидланмоқда.

Сирдарё туманидаги Н- ҳарбий қисмда ўтган ижодий учрашувда шоир Ҳаёт Шодмоннинг Ватан, она, ёшлик ва муҳаббатни тараннум этувчи шеърлари, вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи, журналист Зебо Ҳайдарованинг ҳарбийлар ҳаёти акс этган ҳикоялари, ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг ўз ижод намуналари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

  • Ижод аҳли билан учрашиш ҳамша қизиқарли ва завқли ўтади, – дейди Қашқадарё вилоятидан келиб, Сирдарёда йигитлик бурчини ўтаётган, оддий аскар Аббосбек Авлиёқулов. – Адабиётга, шеърият, китоб ўқишга жуда қизиқаман. Ўзим ҳам шеърлар битиб тураман. Амаким Барот Авлиёқулов шоир, чиройли шеърлар ёзадилар. Мен уларнинг ҳамда таниқли шоирларнинг шеърларини ёддан ўқишни ёқтираман.   Бундай учрашув биз аскарлар қалбида Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлаб, маънавий оламимизни янада бойитади.
  • Мушоира давомида фаол иштирок этган  шеърият ихлосмандлари    вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси томонидан  китоблар  билан тақдирландилар.

Сирдарё тумани маданият бўлими санъаткорларининг Ватан, тинчлик, ҳурлик севги ва муҳаббатни мадҳ этувчи куй, қўшиқлари тадбир иштирокчиларининг қалбларига олам-олам завқ улашди.

Худди шундай маънавий-маърифий тадбирлар Мудофаа вазирлигига қарашли, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига қарашли ҳарбий қисмларда, Гулистон давлат университети, вилоят марказидаги 9-сонли мактабгача таълим муассасасида ҳам бўлиб ўтди.

 

Гузаля Русланова.