Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилияти ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг қўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Туманимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПФ-5325-сонли Фармоннинг учинчи устувор йўналишида белгиланган вазифаларни ижросини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни айниқса қишлоқ жойларидаги ёш қизларни, хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида 2019 йил 4 апрель куни “Тадбиркорлик давлат равнақи ва миллат бойлигининг асоси” мавзусида тадбир ўтказилди.

Тумандаги 12-сонли Мусиқа ва санъат мактаби ҳовлисида кредит олиб тадбиркорлик бошлаган, ҳунармандчилик билан шуғулланиб келаётган 30 нафар хотин-қизларнинг ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Тадбиркорлик қилиш истагини билдирган хотин-қизлар ва 2019 йил оғир турмуш шароитида яшаётган ишсиз аёллар кўргазмада қатнашиб, ўзлари қизиққан йўналишни танлаш имконияти яратилди.

Бундан ташқари, туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда, хотин-қизлар учун бўш иш ўринлари мавжуд бўлган “PENG SHENG” қўшма корхонаси, “БАХТТЕКС” корхонаси каби корхоналар ўз таклифлари билан тадбирда иштирок этди. Тадбирда иштирок этган 74 нафар хотин-қизларнинг        3 нафари кредит олиш, 16 нафари ҳунар ўрганиш, 12 нафари корхоналарга ишга кириш истагини билдирди.

Тадбирда туман хотин-қизлар қўмитаси хотин-қизларни ва оилаларни қўллаб-қувватлаш фонди томонидан ажратилган кредит олишга тавсия  берилган 13 нафар хотин-қизлар ҳам тадбирда иштирок этиб, улардан 2 нафарига — Н-сонли ҳарбий қисмдаги ҳарбий хизматчиларнинг аёллари Моҳичеҳра Умарова ва Нозигул Имомалиеваларга  АТ “Халқбанк”нинг туман филиали томонидан сертификатлар топширилди.

Тадбирда  вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова, Республика ҳарбий прокурори ёрдамчиси Гулчеҳра Турсунова, Ҳаво хужумида мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича бош мутахассис Дилбар Хусанова, Сирдарё вилоят прокуратураси масъул ходими, адлия подполковниги Ойбек Юлбарсовлар иштирок этдилар.

— Н-ҳарбий қисм бошланғич хотин-қизлар ташкилоти, “Тадбиркор аёл” уюшмаси туман бўлими, Ҳунарманд уюшмаси туман бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тадбиримиздан мақсад, айни хотин-қизларни айниқса ижтимоий ҳимояга мухтож аёлларни бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, — дейди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Нафиса Жўраева.

Тадбир сўнгида туман маданият бўлими томонидан концерт дастури намойиш этилди.

 

 

Умида Мирзарапиева,

Сирдарё туман хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси.