Яқинда  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати -Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Мирзаобод туман Кенгаши “Ёшлар қаноти” гуруҳи ташаббуси билан талаба-ёшларни кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш мақсадида Мирзаобод қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи битирувчилари учун “Ёшларни тадбиркорликка жалб этишда O’zLiDePнинг роли” мавзусида йирик ишлаб чиқариш корхоналарига саёҳат уюштирилди.

Тадбирда O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири Д.Тўрақулов, O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими етакчи консультанти Э.Жураев, партия Мирзаобод туман Кенгаши аппарат ходимлари, O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ва фаоллари иштирок этди.

Ташкил этилган саёҳатда Мирзаобод қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-хунар коллежи ўқувчилари Гулистон шаҳридаги “WELLFORT” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишишдан бошлади.

Бу ерда иштирокчилар, корхонада маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши, экспортга тайёрлаш жараёнлари, ходимларнинг иш фаолияти ва уларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Корхона ишчи-хизматчилари учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, ходимлар махсус кийим-бош, иссиқ овқат, ишга келиб-кетишлари учун махсус транспорт воситаси билан таъминланган.

Тадбир давомида иштирокчиларга мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш борасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, бунда йил сайин тадбиркорлар фаолияти учун кенг имкониятлар, шарт-шароитлар яратилганлиги хусусида тўхталиб ўтилди.

Ушбу тадбиркорлик субъектларига ўқувчи — ёшлар саёҳатини амалга оширишдан мақсад, ёш тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, уларни тадбиркорлик субъектларидаги бўш иш ўринлари билан яқиндан таништириш, ёшларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантиришдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, мазкур корхона текстил маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжаланган бўлиб, бир неча йилдан буён Россиянинг “O AZIZ” ва “FANDAY” компаниялари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозирда бу ерда 800 нафардан ошиқ ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда. Ушбу корхонада  эркаклар ва аёллар ҳамда болалар ва катталар учун мавсумий кийим-кечаклар ишлаб чиқарилиб, маҳсулотларнинг асосий қисми ҳорижга экспорт қилинади.

Саёҳат давомида ёшлар орасида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган йигит-қизларга тадбиркорлик сохасида муваффақиятга эришиш сирлари, соҳада яратилаётган кенг имкониятлар ва  имтиёзлар ҳақида қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.

 

 

Хабибулла Сулайманов,

O`zLiDeP Мирзаобод туман Кенгаши

Аппарат раҳбари, туман кенгаши депутати