Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” мавзуидаги республика ижодий танлови ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ёшлар–келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги Фармон мазмун-моҳиятини кенг тарғибот-ташвиқот қилишга бағишланган тарғибот тадбири ташкил этилди.

Тарғибот тадбирида O’zLiDeP Сирдарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари, депутатлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Республика ва вилоят бўлими масъул ходимлари, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, тадбиркорлар, фермерлар, “Ёшлар қаноти” фаоллари, O’zLiDeP вилоят қошидаги “O‘zLiDeP онлайн” гуруҳи аъзолари, мутасадди ташкилот ва идора вакиллари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси, “ВЕК CLUSTER” МЧЖ ҚК бош директори У.Сотиболдиев кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.

Дастлаб “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” мавзуидаги республика ижодий танлови тўғрисида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими масъул котиби Ҳ.Ортиқбоева, «XXI asr» газетаси бош муҳаррири Н.Жалилов, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази раҳбари Н.Алимов, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири, шоир, таржимон C.Рауф ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазалари билдириб ўтди.

Қайд этиш керакки, мазкур танловнинг мақсади адабиёт ва журналистика соҳасида замонамиз қаҳрамонлари – мамлакатимизнинг нафақат иқтисодий тараққиёти, балки ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам етакчи кучга айланиб улгурган бугунги куннинг фаол тадбиркори ва фермери сиймосини яратиш, уларнинг жамиятимиз ҳаётида тутган ўрнини бадиий образларда ифодалаш, жамиятимизда, биринчи навбатда ёшлар орасида, фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, ишбилармонларнинг инновацион ғояларини кенг тарғиб қилишдан иборат.

Тадбир давомида вилоят Кенгаши раисининг ўринбосарлари сайлаб олинди. Кенгаш раисининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлигига Ёшлар Иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Шавкат Зайниддинов ҳамда Ташкилий партиявий ишлар бўйича ўринбосарлигига Гулистон шаҳар “ВЕК CLUSTER” МЧЖ ҚК ходимлар бўлими мудири Акром Мусулмонқуловлар номзодлари кўпчиликнинг овоз бериш йўли билан сайлаб олинди.

“Ёшлар келажагимиз” Давлат дастурини ижросини таъминлаш борасида вилоятда олиб борилаётган ишлар ва режалаштирилаёган чора-тадбирлар ҳақида Ёшлар Иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Шавкат Зайниддинов томонидан баътафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, тадбирда яқинда Хорватияда бўлиб ўтган эркин кураш бўйича жаҳон чемпионатида республикамиздан иштирок этиб ғолиб бўлган, эркин кураш бўйича жаҳон чемпиони Жамшидбек Маъруфов ва унинг мураббийи Дилшод Исмоиловни табриклаб эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир якунида пойтахтимиздан ташриф буюрган меҳмонлар ва ёшлар иштирокида вилоятимиздаги энг кўзга кўринган тадбиркорлик субъекти 860 нафар ишчи-хизматчилар фаолият юритаётган, маҳсулотлари 100 % экспорт қилинаётган “WELLFORD” МЧЖ га саёҳат уюштирилди. У ерда меҳмонлар ишчи ходимлар учун яратилган шароитлар, маҳсулотнинг тайёрланиш жараёнлари ва техника хавфсизлиги билан яқиндан танишдилар.

 

 

Ҳусан Жабборов,

O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири