Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида «Жаннат — оналар оёғи остидадир», деганларида ҳам она гўдагини дунёга келтириб, уни бағрига босиб эмизганлигини назарда тутганлар

            Янги туғилган гўдак узоқ муддатли парваришга муҳтож бўлади. Бу оғир ва машаққатли меҳнатни ҳам асосан она  ҳеч оғринмай, тунларни кунга улаб бажаради. Шунинг учун онани ҳурмат-эҳтиром қилиш алоҳида таъкидланади.

            Она сутининг фойдали хусусияти ҳеч бир жонзот сутининг калориясига тенглаштирилмайди. Она сути болага куч-қувват бериши билан бирга ақлий мўъжиза яратиш имконини ҳам беради, дея тан олинган. Шу боис ҳам  биз ёшларга —  азиз ёшлар, фарзандингизни бу мўъжизадан бенасиб этманг. Токим улар соғлом, бақувват ва дуркун бўлиб вояга етсинлар, дегимиз келади.

            Она кўзи ёриган илк дақиқалардаёқ  ўзини эмас, дарҳол боласини ўйлайди. Унинг соғ-саломат туғилганини билмоқчи бўлади. Илиқ гап эшитгач кўнгли таскин топади. Аллоҳнинг мўъжизаси — она боласига кўкрак тутиши билан у дарҳол эма бошлайди. Боласини кўп эмизган онада кўкрак саратони хасталиги учрамас экан.

     Аммо, қадди-қоматим бузилади, деб боласини сунъий озиқлантираётган,  боласини кўча-куйда ташлаб кетаётган ёки  нобуд қилаётган айрим аёллар ҳақидаги воқеаларни эшитиб, афсусланасан, киши. Улар бир умр афсус-надомат билан ўтиб кетишади.  Ҳаётда гўзал ҳулк билан , элу халқнинг корига камарбаста бўлиш,  тинч юртда  шукроналик ила яшашга не етсин. Мана шундай дориламон ҳаётда яшаётганимизнинг ўзи бахт, ўзи  – мўъжиза. Шундай ҳаётдан бахт топиш, саодат топиш ўзимизга боғлиқ.

    Ватан меҳри аввало инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр — муҳаббатдир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда “Ватанни севмоқ имондандир”, дейилган ҳикматни  эсга олиш кифоядир. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғудир.

       Бу туйғулар ҳам оналаримизнинг кўкрак сути ила бола вужудига сингишини унутмайлик.

                                    Хадичахон МАМАТОВА,

                        Сирдарё туманидаги “Орзу” МФЙ отинойиси.