лекин даъвогар онанинг жавобгар отага                       нисбатан даъво аризаси қаноатлантиришдан   рад этилиб, фарзандлар отаси билан қолди

2022 йил март. Фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судининг очиқ суд мажлиси. Фуқаро Э. судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, фарзандларининг отаси  билан йигирма икки йил аввал қонуний турмуш қургани , ўзаро турмушларидан тўрт нафар фарзандлари борлигини маълум қилди. Турмушларининг дастлабки йилларида яхши яшашганлигини, бироқ кейинчалик ўрталарида келишмовчиликлар келиб чиқиб, эрининг маст ҳолатда , сабабсиз жанжал чиқариб, уни ва фарзандларини уриб, жисмонан ва руҳан азоблаб келганлигини сўзлади. Келишмовчиликлар оқибатида эри фарзандларини олиб, уни уйдан ҳайдаб юборганлигини баён қилди. Аёл бир неча маротаба фарзандларини ўзи билан бирга олиб кетишга ҳаракат қилганлигини, аммо эри унга қаршилик кўрсатиб фарзандларининг уйдан чиқишига рухсат бермаганлигини, фарзандлари ҳам у билан бирга яшашни хоҳлашини, бироқ, эри фарзандлари билан кўришишига қаршилик кўрсатиб келаётганини судга маълум қилди ва  суддан фарзандларини ўзининг тарбиясига олиб беришни сўради.

Суд мажлисида сўралган ота эса хотинининг даъвосини тан олмасдан, фарзандларини онасидан ажратиш нияти йўқлигини, бироқ, улар онаси билан бирга яшашни хоҳламаётганлигини, чунки фарзандлари  бир оила бўлиб, бирга яшашни исташини, бундан ташқари фарзандлар бобо ва бувисига қаттиқ боғланиб қолганлигини, агарда фарзандлари онаси билан яшашни хоҳласа у қаршилик қилмаслигини, шу боис фарзандларини даъвогарга беришга рози бўлмаганлигини, чунки фарзандларининг хоҳишига қарши бориб, уларнинг руҳияти бузилишига сабабчи бўлишни истамаслигини билдирди ва  суддан даъвони рад қилишни сўради.

Суд мажлисида сўралган вояга етмаган тўрт нафар фарзандлар ўзларининг тушунтиришларида, онаси уларни ташлаб кетиб қолганлигини, улар ота-онаси билан  бир оила бўлиб, бирга яшашни хоҳлашларини, бироқ онаси бунга рози бўлмаётганлигини, онаси билан бирга кетишни исташмаслигини, чунки шу ерда отаси, бобоси ва бувиси билан бирга яшаб, катта бўлиб, шу мактабда ўқиб келаётганликларини,  бу ерда уларни яшаши ва ўқиши учун барча шарт-шароитлар мавжудлигини, аммо онаси ҳозирги кунда яшаб келаётган уйда бу каби шароитлар мавжуд эмаслигини, қолаверса, мактабларини ўзгартиришни хоҳламасликларини баён қилишди.

Суд тарафларнинг тушунтиришларини эшитиб, васийлик ва ҳомийлик органларининг хулосалари ва иш ҳужжатлари билан танишиб, қуйидаги асосларга кўра даъвони рад қилишни лозим топади.

Суд мажлисида тарафлар ўртасида тузилган никоҳдан ажратилмаган, бироқ, ўзаро келишмовчиликлар сабабли уларнинг 2021 йил декабр ойидан буён алоҳида-алоҳида яшаб келаётганлиги аниқланди.

Оқолтин туман ва Пайариқ туман ҳокимлиги ҳузуридаги болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари томонидан судга тақдим этилган хулосаларга кўра, тарафларнинг фарзандларини тарбиялаш ва камолга етказиш учун барча шарт-шароитларга эга эканлиги кўрсатилган.

Оила Кодексининг 75-моддаси 4-қисмига кўра, ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади, ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади.

Суд, даъвогар онанинг даъво талабини муҳокама қилиб, иш ҳолатлари ва қайд этилган қонун талабларидан келиб чиқиб, хусусан, болаларга ёшлигидан ота-онасидан ташқари бобоси ва бувиси ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиб келаётганлигини, шу боис болалар ота-онасига нисбатан бобоси ва бувисига қаттиқ боғланиб, уларга кўнгил қўйганлигини, бундан ташқари тарафларнинг фарзандлари вояга етган, улар жисмонан ва руҳан соғлом, ақлан теран, ўз фикрини эркин ифода эта олишини, болаларни судга мурожаат қилиб, онаси билан бирга кетиб, отаси, бобоси ва бувисисиз яшашни истамасликлари ҳақидаги фикрларини инобатга олиб, даъвогарнинг даъво аризасини рад этишни лозим топди. Яъни даъвогар онанинг жавобгар отага нисбатан даъво аризаси қаноатлантиришдан рад этилиб, фарзандлар отаси билан қолди.

Рамиз Сапаров

Фуқаролик ишлари бўйича                                                              Оқолтин туманлараро                                                                        судининг раиси.