15_май_- Халқаро_оила_куни муносабати билан Сирдарё туманида “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” юриш марафони ўтказилди.

Сирдарё туманидаги «Эркатой» номли хусусий мактабгача таълим ташкилотида «Халқаро оила куни» муносабати билан “Фаровон оила сари” ғояси остида   “Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам” юриш марафони бўлиб ўтди.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган мазкур тадбирда  мактабгача таълим ташкилоти ходимлари, маҳаллаларнинг фаол хотин-қизлари, уй бекаларидан иборат кўнгиллилар иштирок этишди.

Эрта тонгдан “Эркатой” мактабгача таълим ташкилотидаги  мазкур тадбирнинг очилиши мусиқа садолари остида  иштирокчиларнинг бадантарбия машқлари билан бошланиб ,  шундан сўнг юриш  марафонига старт берилди.

-Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммунитет ҳосил бўлади, — деди тадбирни очиб берган туман ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Лола  Собиржонова.- Зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, жисмоний фаоллик ҳар биримиз учун зарур.

Марафонда иштирок этган  66 ёшли онахон Надежда Тиллева ва кўплаб иштирокчилар ҳам тадбир кўтаринки руҳда, ажойиб бир тарзда ўтганлигини алоҳида таъкидлашди. Халқаро оила куни муносабати билан ўтказилган бу марафон уларнинг руҳини кўтариб, енгиллик ва қувонч бағишлагани учун тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдиришди.

Тадбир сўнгида фаол марафончиларга  туман ҳокимлигининг  Ташаккурномаси ва тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари топширилди.