Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Охирги тўрт йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 1 270 дан ортиқ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан 117 миллиард сўм миқдордаги маблағлар ажратилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди. Бунинг натижасида 20 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ҳукуматнинг қарорлари қабул қилинди.

Хусусан, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 март куни “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-5012-сонли Қарори,  2021 йил 4 март куни “2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6181-сонли Фармонлари қабул қилинди.

Бугунги кунда Сирдарё вилоятида 460 та нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда. Мазкур нодавлат нотижорат ташкилотлари вилоятимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Ундан ташқари, мамлакатимизда эълон қилинадиган йилга оид давлат дастурида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони йилдан  йилга ошиб бормоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат органлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган ижтимоий фойдали тадбирлар сони ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси Сирдарё вилояти бўлими “Нодавлат нотижорат ташкилотларини молиявий, ахборот, маслаҳат, услубий ва бошқа шаклда қўллаб-қувватловчи нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш”, Таянч истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамоат бирлашмаси  “Инсон манфаатлари ва аҳоли ижтимоий ҳимояда”, Ўзбекистон Каратэ-до федерацияси Сирдарё вилояти бўлими “Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш масалаларида ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш”, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Сирдарё вилоят бўлими “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан, таълим тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида ёш авлодни жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар ёшлар бўлиб улғайишига кўмаклашиш, Ўзбекистон ногиронлар жамияти Ховос тумани бўлими “Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, аёллар ва ногиронлар бандлигини таъминлаш” йўналишларида давлат гранти лойиҳаларини амалга ошириб келишмоқда.

Ҳар бир давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятида фуқаролар ташаббуси билан ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари сони (жами жамоатчилик кенгашлари таркибларига киритилган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг сонига нисбатан) 15 тага, давлат харидлари, солиқ, бандлик, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт йўналишларида фаолият кўрсатаётган кенгашлар, комиссиялар ва бошқа идаралараро тузилмаларда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари сони (кенгашлар, комиссиялар ва бошқа идоралараро тузилмалар таркибига нисбатан) 26 тага кўпайди.

Вилоятда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан юқори турувчи ташкилотларга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларини бериб келишмоқда, қолаверса, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳаётига оид энг муҳим масалаларни муҳокама қилиш мақсадида доимий асосда “Очиқ мулоқот”, “Жамоатчилик фикри”, “Юзма-юз” каби махсус телекўрсатувлар Сирдарё вилоят телерадиокомпаниясида эфирга узатиб келинмоқда.

ЎзННТМА  вилоят

ҳудудий бўлинмаси