Оқолтинлик Аъзамжон фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Боиси  Аъзамжон «Индорама Агро» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонада 2019 йилдан буён техник оператор вазифасида ишлаб келган. Лекин мазкур хорижий корхонанинг 92-сонли буйруғига кўра, у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига асосан иш берувчининг ташаббусига асосан бекор қилинган. Суд мазкур даъво аризасига асосан иш берувчи томонидан мазкур буйруқни расмийлаштиришда бир қатор қонун талаблари бузилганлигини, жумладан, Меҳнат кодексининг 100-101-модда талаблари бузилганлигини, хусусан, ходимнинг содир этган айбли ҳатти-ҳаракати исботланмаганлиги ҳамда ходимлар касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги олинмаганлигини, аксинча , ходимлар касаба уюшмаси қўмитаси иш берувчининг розилик бериш ҳақидаги тақдимномасини рад этганлигини аниқлади.

Бу эса хорижий корхона бош директори ва меҳнат жамоаси ходимлар касаба уюшмаси қўмитаси раиси томонидан келишилиб имзоланган жамоа шартномасининг 3-бўлими 3.4-банди талаблари бузилганлигидан далолат берди. Аъзамжон  эса суддан «Индорама Агро» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонасининг 15.12.2021 йилдаги 92-сонли буйруғини бекор қилишни ва уни ишга тиклашни сўради. Бироқ суд мажлисида сўралган жавобгар «Индорама Агро» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонаси вакили  даъвогарнинг даъво талабини тан олмасдан, ҳақиқатан ҳам Аъзамжон мазкур хорижий корхонада ишлаб келганлигини, корхонанинг хавфсизлик бўлими ходимлари томонидан Аъзамжон ва унинг шериклари корхонанинг қишлоқ хужалигида фойдаланишда бўлган техникалардан ёқилғи ўғирлаб, сотаётганлари аниқланганлигини, бу ҳақда далолатнома тузилиб, ҳолат видео тасмага олинганлигини, шундан сўнг ҳолат юзасидан рахбариятга маълум қилиниб, рахбарият томонидан Аъзамжон билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганлигини баён қилиб, даъвони рад этишни сўради.

Аъзамжоннинг мурожаати юзасидан давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори ёрдамчиси А.Зайриев томонидан тузилган маълумотномага кўра, «Индорама Агро» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонаси томонидан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига асосан бекор қилишда кодекснинг 100-101-моддаси талаблари ҳамда корхонанинг жамоа шартномаси ва ички меҳнат тартиб қоидалари бузилганлиги, хусусан, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмаси қўмитаси розилик бермаганлиги, шунингдек, ходимга нисбатан қуйилган айбли ҳатти-ҳаракат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг қарори ёки суднинг ҳукми билан исботланмаганлиги ва ўз тасдиғини топмаганлиги аниқланган. Қолаверса, Аъзамжон томонидан берилган тушунтириш хатида у корхона томонидан ўзига нисбатан содир этган ножўя ҳатти ҳаракатни тан олмаган ва бу ҳолатга ўз эътирозларини билдирган.

Меҳнат Кодексининг 101-моддасининг 1-қисми, ҳамда Олий суди Пленумининг 1998 йил 17-апрелдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунларни қўлланиши ҳақида”ги 12-сонли қарорнинг 21-банди талабларига кўра, башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди. «Индорама Агро» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонаси бош директори ва ходимлар касаба уюшмаси қўмитаси раиси томонидан келишилиб тасдиқланган 2021-2023 йиллар учун жамоа шартнмоасининг 3.4-бандига кўра, меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда ходимлар касаба уюшмасининг олдиндан розилигини олмасдан туриб бекор қилишга йўл қуйилмайди.

Бундан ташқари, жавобгар меҳнат шартномасини даъвогарнинг айбли ҳатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилиниши тўғрисида уч кун олдин хабардор қилмаган.

Суд, даъвогарнинг даъво талабини муҳокама қилиб, иш ҳолатлари ва қайд этилган қонун талабларидан келиб чиқиб, жавобгар томонидан содир этилган деб ҳисобланган ножўя ҳатти-ҳаракатнинг оғирлиги, уни содир қилиш ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва хулқ-атвори иш берувчи томонидан ҳисобга олинмаганлигини, ножўя хатти-ҳаракатни қўпол тусга эгалиги ёки эга эмаслиги, уни оғир-енгиллигига ҳамда бундай бузиш туфайли келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларга қараб муҳокама қилинмаганлигини, бундан ташқари содир этилган, деб ҳисобланган ҳатти-харакат ҳуқуқни мухофаза қилувчи органнинг қарори ёки суднинг ҳукми билан ўз тасдиғини топмаганлигини, шунингдек, ходимлар касаба уюшмаси қўмитаси иш берувчининг тақдимномасини рад этганлигини, корхона жамоа шартномасида эса меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда ходимлар касаба уюшмасининг олдиндан розилигини олмасдан туриб бекор қилишга йўл қуйилмаслиги белгилаб қуйилганлигини инобатга олиб, иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига асосан бекор қилиш ҳақидаги буйруғи ғайриқонуний равишда чиқарилган деб ҳисоблашни ва бекор қилишни, даъвогарни аввалги вазифасига ишга тиклашни лозим топди.

Яъни суднинг ҳал қилув қарорига асосан Аъзамжон мазкур хорижий корхонадаги аввалги вазифасига ишга тикланди.

 

Рамиз Сапаров

фуқаролик ишлари бўйича

Оқолтин туманлараро судининг раиси