“Сирдарё” саноат зонаси ҳудудидаги “Пенг-Шенг” қўшма корхонаси мажлислар залида Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари А.Ходжиев бошчилигидаги бир қатор мутасадди ташкилот раҳбарлари Хитой давлатининг Чжэ-Цзян провинцияси Қишлоқ хўжалиги департаменти ташқи иқтисодий фаолият бошқармаси бошлиғи жаноб Сунь Куй Фа бошчилигидаги хориж делегацияси аъзоларини қабул қилди.

Учрашув давомида, хорижий меҳмонларга вилоятда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун яратилган шарт-шароитлар, белгиланган имтиёз ва преференциялар, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Украина давлатларида ташкил этилган савдо уйлари, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва бошқа давлатларга экспорт қилинаётган маҳсулотлар тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилди.

Хитой делегацияси раҳбари, бугунги кунда “Пенг-Шенг” қўшма корхонаси ташаббуси билан ташкил этилиши режалаштирилган юқори сифатга эга, узоқ муддат сақланадиган қулупнай навини етиштиришга ихтисослаштирилган 2 гектарли замонавий иссиқхона лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш, келгуси йилдан бошлаб эса ушбу иссиқхона майдонини 10 гектарга етказиш таклифини билдирди.

– Биз Сирдарё вилояти далаларида боғдорчилик, балиқчилик, паррандачилик ва чорвачилик соҳалари бўйича келгуси йилдан бошлаб Хитой давлати сармояси асосида дастлаб тажриба сифатида қичик-кичик лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз, – дейди Чжэ-Цзян провинцияси Қишлоқ хўжалиги департаменти бўлим бошлиғининг ўринбосари, жаноб Чэнь Цзянь Мин. – Сўнгра “Пенг-Шенг” қўшма корхонаси сингари йирик корхоналар, жумладан, пахта кластери ташкил этиш мақсадида инвестицион лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Умид қиламизки, Сирдарё вилояти ва Чжэ-Цзян провинцияси ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон – Хитой ҳамдўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Хорижликлар билан ўтказилган учрашув сўнгида, вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Ходжиев, жорий йилнинг 2-8 май кунлари Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев бошчилигидаги делегация аъзолари Хитой давлатининг Чжэ-Цзян провинциясига амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар хусусида тўхталиб, Ўзбекистон – Хитой савдо уйини ташкил этиш бўйича ҳеч қандай амалий ишлар олиб борилмаётганлиги ҳақида алоҳида тўхталди.

Дарҳақиқат, бугунги кунга қадар Чжэ-Цзян провинцияси Вэньчжоу шаҳри Оухай туманида келишувга кўра Ўзбекистон – Хитой савдо уйи ташкил этилиши, бунинг учун зарур ер майдони ажратилиши лозим эди. Бироқ, бу борада ҳеч қандай амалий иш бажарилмади.

Жалол Ражаб.