Оила жамиятнинг бош бўғини. Оила тинч, мустаҳкам, ҳалол-пок бўлса, жамият ҳам осойишта ва фаровон бўлади. Минг афсуски, кейинги йилларда оилавий ажримлар кўпайиб кетди. Бунинг оқибатида эса қанчадан қанча оилаларнинг обрўсига путур етди. Ўртада тирик етим қолган бола сарсон бўлди. Бечора фарзандлар отасига борай деса, она норози, онасига борай деса, ота рухсат бермайди. Икки ўт орасида қолган боланинг эса тарбияси бузилмайди, унда ҳаётга нисбатан аламзадалик ҳисси уйғонмайди, деб ким кафолат бера оларди?

Диний китобларимизда “ Шайтонни энг хурсанд қиладиган иш — оила бузилишидир”, деган гап ҳам бор. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иблис ўз тахтини сув устига қуради ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади. Уларнинг энг кўп фитначиси, унга энг яқинидир. Бириси келиб «ундоқ қилдим, бундоқ қилдим», дейди. У бўлса «ҳеч нарса қилмабсан!» дейди. Кейин бошқа бири келиб «уни қўярда қўймай хотини билан орасини буздим» , дейди. У эса ўшани ўзига яқинлаштириб «Ҳа! Балли! Қандай ҳам яхшисан!» дейди», дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Шундай экан, бу ривоятдан тўғри хулоса чиқариб, ҳар бир янги қурилаётган оилаларни тинч, бахтли-саодатли яшаб кетишига  ўз ҳиссамизни қўшайлик. Ажрим ёқасига келиб қолган ёшларга эса тўғри йўл кўрсатиб, фарзандларнинг етим бўлиб қолишидан асрайлик.

Муҳаббатхон АТАХАНОВА,

Сирдарё туманидаги “Ёшлик” МФЙ                                                    отинойиси.