O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими бугунги кунда ўзининг “Ёшлар қаноти” сафларида 8274 нафар ёшларни бириктирган. Улар орасида ўзининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ўз ишлаб чиқариш махсулотига эга бўлган, кўплаб иш ўринлари яратаётган тадбиркор, ишбилармон ёшлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Бугунги ҳикоямизда ана шундай ишбилармон ёшларимиздан бири Хасан Жабборовнинг ишлаб чиқариш лойиҳаси, йўлга қўйган ташкилий ишлари тўғрисида таништирамиз.

Ҳозирда юртимизда қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада ошириш, оз миқдорда куч сарфлаб, кўп ҳосил олиш мақсадида барча ҳудудларимизда гидропоника усулида замонавий иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Ихчам ва самарадор бўлган бундай иссиқхоналар юқори сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш имконини бермоқда.

Гидропоника – бу ўсимликларни сунъий муҳитда тупроқсиз етиштириш усулидир.

Мана шундай гидропоника усулидаги иссиқхоналардан бири Янгиер шаҳрида “Ҳожи Баҳодирхон ота” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилди.

“Асака” банк вилоят филиали томонидан маблағ ажратилиб, 2 гектар майдонда Жанубий Корея технологияси асосида помидор етиштирувчи 2 та мазкур иссиқхона жорий йилнинг сентябр ойида тўлиқ ишга туширилди.

Гидропоника усулидаги иссиқхонанинг афзаллиги шундаки, махсус унумдор ер майдонига зарурат бўлмайди, — дейди ёш тадбиркор, “Ҳожи Баҳодирхон ота” МЧЖ раҳбари Ҳасан Жабборов. Иссиқхона тўлиқ автоматлаштирилган назорат тизими билан бошқарилади. Маҳсулотни тежамкор усулда суғориш ва озиқлантириш тизими мавжуд. Ўсимликлар озуқани илдизларини ўраб турган эритмадан олади. Иссиқхона тепасига очилиб-ёпилувчи тизим ўрнатилган бўлиб, у ҳам автоматик тарзда бошқарилади.

Помидор кўчатлари экилган 2 гектарлик иссиқхонадан жорий йилда 400-440 тонна ҳосил олиш мўлжалланмоқда. Етиштирилган маҳсулотни маҳаллий бозор ва қўшни давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Айни вақтда 40 минг донадан ортиқ помидор кўчатлари парваришланаётган иссиқхонада 14 нафар хотин-қизларга доимий иш ўрни яратилган.

Келгусида “Ҳожи Баҳодирхон ота” МЧЖ томонидан 2 гектар ер майдонини янада кенгайтириш, етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш учун консерва цехи қуриш мақсад қилинган.

 

 

Ҳусан Жабборов,

O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири