O`zLiDeP Ховос туман Кенгаши томонидан Транспорт касб-ҳунар коллежи биносида “Ёшларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш уларни бандлигини таъминлашда муҳим омилдир” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Ўқув-семинарда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган битирувчиларга бизнес-режаларни тузиш, белгиланган тартибда давлат идораларидан рўйхатдан ўтиш, кредит ажратиш, солиқ тўловлари бўйича имтиёзлар, тадбиркорлик соҳаси бўйича хуқуқий маслаҳатлар бериш, тадбиркорлик фаолиятида учрайдиган муаммоларни бартараф этиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш каби масалалар муҳокамалар марказида бўлди.

Ўқув-семинарда “Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар”, “Тадбиркорлик субъектларини давлат  рўйхатидан ўтказиш тартиблари”, “Банк кредитларини олишнинг тартиб ва мезонлари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Ховос тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари А.Хамдамов, Халқ банки туман филиали бошқарувчи ўринбосари Ш.Бойбутаев, туман Давлат хизматлари маркази мутахассиси А.Вайдуллаев ва бошқалар коллеж ўқувчиларига соҳада яратилаётган кенг имкониятлар ҳамда имтиёзлар ҳақида керакли маълумотлар бериб ўтдилар.

Бугунги кунда юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда, – дейди O`zLiDeP Ховос туман Кенгаши аппарат раҳбари Б.Уралов. – Аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлиги таъминланаётгани ва тадбиркорлик субъектлари миллий иқтисодиётимизнинг энг муҳим бўғинига айланаётгани амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараларидир. Партиямиз томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш мақсадида мунтазам тарғибот-ташвиқот тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.

Ўқув-семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишли жавоблар олишди.

 

 

Холжигит Ортиқбоев,

O`zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

ҳузуридаги Сиёсий таълим маркази раҳбари