O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан Гулистон давлат университетида “Ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий фаоллигини оширишда “Ёшлар қаноти”нинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда партия фаоллари, университетнинг профессор-ўқитувчилари ва фаол талаба ёшлари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган мақсад, партия Дастури ва ғояларини ёшлар ўртасида кенг тарғибот қилиш, партия кадрлар заҳирасига ташаббускор, ғайратли ёшлардан аъзолар сонини кўпайтириш, талаба ёшларга сиёсий партиялар тўғрисида тушунча ва билимлар беришдан иборат.

Тадбирни Гулистон давлат университети ўқитувчиси, партия фаоли Зокир Зикрияев очди ва бошқариб борди.

Дастлаб O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири Дилшод Тўрақулов сўзга чиқиб бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга яратилган шарт-шароитлар, давлат ва жамиятимизда замонавий билимларга эга бўлган ёш ва малакали кадрларга эҳтиёж ортганлиги, бу борада сиёсий партиялар томонидан кадрларни ўз ўрнига қўйиш ва улардан самарали фойдаланиш механизмини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Шунингдек тадбирда O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш гуруҳи раҳбари Рамазон Абдусамиев сўзга чиқиб, сиёсий партияларнинг мақсад ва вазифалари, жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Дастури ва ғоялари мазмун-моҳияти, партияга аъзо бўлиш тартиб таомиллари, партия аъзосининг масъулият ва бурчлари тўғрисида маълумотлар бериб ўтди.

Бугунги кунда партиямиз вилоят кенгаши таркибида ёшлар сони 8 минг 200 нафардан ошди, – дейди партия вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Шавкат Зайниддинов. Ёшларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз имконият ва салоҳиятини юзага чиқариши учун шароит яратиш фаолиятимизнинг асосий йўналишларидандир. Тадбирда O’zLiDeP “Ёшлар қаноти” томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, “Хавфсиз интернет”, “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан!”, “Янги авлод кадрлари” тўғрисида маълумотлар берилди.

Тадбир давомида тарғибот-ташвиқот ишларида фаол қатнашган ёшларга, хусусан партия Гулистон шаҳар Кенгаши қошидаги “Келажак депутатлари” гуруҳи аъзоларига партиянинг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.

Якунда партия сафларига янги қабул қилинган 10 нафар ёшларга партия аъзолик гувоҳномалари берилди.

 

 

Ҳусан Жабборов,

O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири