.

 

Савол: Иаккинчи гуруҳ ногирониман. Кексайган чоғимда ўғлим мени ташлаб кетди. Моддий жиҳатдан қийналаяпман. Алимент ундиишга ҳаққим борми? Агар ўғлим суднинг ҳал қилув қарорига ҳам амал қилмаса-чи?

 

Жавоб: Оила кодексининг 109-моддасига асосан вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ҳатто ота-она давлат ва нодавлат муассасаси қарамоғида бўлса ҳам вояга етган меҳнатга лаёқатли болалар ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиши ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Агар Сиз билан ўғлингиз ўртасида алимент (моддий ёрдам) тўлаш бўйича келишув бўлмаса, унга нисбатан алимент ундириш ҳақида фуқаролик судига даъво талаби билан мурожаат қилишингиз мумкин.

Оила кодексининг 110-моддасига асосан вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Айни пайтда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори 822.000 сўмни, унинг 11,75 фоизи эса 96.585 сўмни ташкил қилади.

Агар ўғлингиз суднинг ҳал қилув қароридан белгиланган алимент пулини икки ойдан ортиқ муддат давомида тўламаса, суд томонидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 475-моддасига асосан ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқ ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиши мумкин.

Агар ўғлингиз маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин ҳам икки ойдан ортиқ муддат давомида алимент тўламаса, суд томонидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 123-моддасига асосан

3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Алимент тўламаган шахснинг жавобгарликка тортилганлиги ҳолати уни алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.

 

Саволга Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Сарагул Намазбаева жавоб берди.

 

 

 

 

.