Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё тумани бўлинмаси  ҳамда  биринчи чегара қўриқлаш взводи шахсий таркиби билан ҳамкорликда китоб ярмаркаси ҳамда  “Қадринг баланд бўлсин она тилим”,  “Оила муқаддас даргоҳ ва ўз болангни ўзинг асра” мавзуларида давра суҳбатлари  бўлиб ўтди. Уч кун мобайнида давом этан мазкур тадбирларда  ҳарбий хизматчилар оила аъзолари билан фаол иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган 8-мактаб ўқитувчилари Сарвиноз Турсуналиева ва Муҳаббат Отажоновалар ўзбек тилининг тарихи, она тилимизнинг   дунё миқёсидаги аҳамияти ҳамда нуфузини оширишга қаратилган қатор маданий, маънавий-маърифий, мафкуравий изланишлар, илмий тадқиқотлар олиб борилганлигига лоҳида тўхталдилар.  Она тили — миллат ғурури, унинг энг улуғ қадрияти, миллийлигимиз, буюк тарихимиз, юксак маънавиятимизнинг асоси эканлигини таъкидлашди. Узоқ йиллик тарихга эга  ўзбек тили Алишер Навоий давридаги ривожи яна бир поғонага кўтарилганлигини, буюк шоир ва мутафаккир бўлган зот туркий тилни луғат бойлиги ва нафислиги жиҳатидан бошқа тиллардан ҳеч ҳам кам эмаслигини ўзининг кўплаб асарлари орқали исботлаганлигини ҳам айтиб ўтишди. Инсоннинг маънавий камолотини таъминлашда китоб сингари кучли қудратга эга восита йўқ. Шу боис азал-азалдан  аҳли донишлар бутун инсониятни китоб ўқишга, ундан илму одоб сирларини ўрганишга чорлаб келишган.

-Бугун жамиятимизда китобхонликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантиришга давлат томонидан алоҳида эътибор берилиб, кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда, -деди Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё тумани бош мутахассиси Мамиров Маъруфжон Фахритдин ўғли.- Мамлакатимизда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган бир қатор ташкилий-амалий чора-тадбирлар амалга оширилиши жамиятда китобга бўлган муносабатнинг ижобий томонга ўзгаришига замин яратмоқда.

Меҳрож  Абдинасипов,

9252  ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси.