“Қиз бола уйнинг фариштаси”, — дейди оналаримиз. Қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларнинг замонавий билимлар, касб-ҳунарларни ўзлаштиришда биз педагоглар масъулмиз. Шу билан бирга уларга одоб-ахлоқ қоидаларини сингдиришга ҳам биз, устозлар уларнинг ота-оналари билан биргаликда жиддий эътибор қаратишимиз зарур.

Яқинда шу мавзуда Гулистон тумани 3-умумий ўрта таълим мактабида семинар ташкил этилди. Семинарда Гулистон тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Олия Турдиева, туман ”Оила” маркази раҳбари Дилбар Анорқулова ҳамда  туманнинг барча мактаблари бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари иштирок этдилар. Семинарда  Гулистон тумани хотин-қизлар қўмита раиси Олия Турдиева қатнашчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб- қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПҚ № 5325 — қарорида белгиланган вазифалар юзасидан тавсиялар берди.

Сўнгра меҳмонлар синфхоналарига таклиф этилди. Бошланғич синф ўқитувчиси Мастура Каримова томонидан  4-синфларда “Қари билганни пари билмас”, ”Қизларжон клуби” раиси Дилафрўз Арслонова 8-синфларда “Соғлом турмуш тарзи” мавзуларида очиқ тарбиявий соат,  9-синфларда эса  “Ўз жонига қасд қилишнинг салбий оқибатлари ва аёллар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатлари нуроний онахон Фотима ая Арслонова, ҚВП бош шифокори Раъно Юсупова, 12-МТМ тарбиячиси Жамила Содиқова, “Акбарали ота”жомеъ масжидининг имоми Искандар Нарзиевлар иштирокидаги “Аёлларга эҳтиром ” мавзусида тадбирга уланиб кетди.  Тадбирдан сўнг бошланғич  хотин-қизлар ташкилоти  ва “Қизларжон клуби” иш ҳужжатлари ўрганилди. Шу жумладан, қизлар одоби ва тарбияси йўналишида мактаб жамоасининг келгуси режалари ҳақида семинар иштирокчилари билан ўртоқлашилди. Илмий-амалий семинар сўнгида ўтказилган машғулотлар  ва давра суҳбатлари юзасидан туман хотин-қизлар қўмита раисининг тавсия ва таклифлари тингланди.

Шаҳноза Маматқулова,

Гулистон тумани 3-умумий ўрта таълим мактабининг  бошланғич

хотин-қизлар ташкилоти раиси