Мирзачўл  қовунларининг довруғи мамлакатимиз  чегараларидан ўтиб, хорижга ҳам  тарқалганлиги  юртдошларимизга  аён.  Мирзачўл воҳасининг бир  қисмини  Сирдарё  вилояти ҳудуди эгаллаган. Бугунги кунда сирдарёлик деҳқонлар етиштирган ўнлаб хилдаги қовунларгина эмас, балки ана шу қовунлардан тайёрларган миллий ширинликлар ҳам жуда харидоргир.  Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди.  Ўтган асрнинг 60 – йиллари.  У пайтда бола эдик. Ўша кезлари элимиз тирикчилигида анча тақчиллик бор эди.  Халқимиз  бошқа иттифоқдош  республикалар сингари собиқ иттифоқнинг “энг ёруғ, тўкинчилик кунлари”ни бошидан кечираётган эди. Онажоним (охиратлар обод бўлсин) дастурхонга патнисда маккажўхори унидан ёпилган нон (биз учун кулчалар), ликопчаларда томорқамизда пишган қовундан  қилинган шинни ва қовунқоқини  келтириб қўяркан, “ёзда еганимиздан ортганини  шинни ва  қоқи қилиб қўйганимиз яхши бўлган экан, қиши билан мазза  қилиб ейсизлар” деди. Шунда мен болалигимга бориб, “энди ҳар куни қоқи еймизми, бармоқларим бир-бирига ёпишиб қолаяпти, мунча кўп шакар сепгансиз бунга”, деганман. Шунда онам “шакар солганим йўқ, ўзи  шунақа  ширин, э ҳали вақти келади, онам қуритган қовунқоқилар  бўлсайди”, деб эслаб, қўмсаб юрасизлар.  Ҳозирги, яъни истиқлол туфайли эришилган янги давр, омон-омон, яхши замон, обод  кунларда баъзан бозорларда  қовунқоқиларни кўрсам, онагинамнинг гаплари эсимга тушади ва ҳавасакка олиб, тановул  қиламан.

Ховос туманининг чекка, чегара  ҳудудида  “Оқчангал” деган маҳалла бор. Маҳалла аҳолиси 4360 нафардан иборат. 530 та хонадонда, 1097 оила истиқомат  қилади. Аҳоли  асосан   чорвачилик ва дехкончилик билан  шуғулланади. Тўғрироғи, ахолининг 80 фоизи  ковун-тарвуз етиштириш билан машғул. Оилавий пудрат асосида оила аьзоларининг бандлиги таьминланган.  Ўнлаб гектар ерларда ковуннинг 6-7 хили етиштирилади  ва улар  вилоятимиз ва  республиканинг турли бозорларида сотилади. Ҳатто хорижда ҳам “Оқчангал” қовунлари  харидоргир. Мақоламизнинг бошида бежизга  қовунқоқи ҳақида сўз очмадик…

Уддабурон оқчангалликлар қовунқоқичилик етиштиришда хам узига хос тажрибага эга.  Бу  юмуш билан асосан қишлоқ аёллари шуғулланишади. Тўғриси, бу юмушни улар ҳунарга айлантириб олишган.  Боиси қишлоқдаги кекса момолар қовундан тайёрланган ширинликлар, айниқса, қовунқоқилар қишда дастурхоннинг танқис егулиги бўлганини бот-бот эслатиб туришади. Шу ўринда бир маълумотни  қайд этиш  жоизки,  бу маҳалла хотин-кизлари орасида   бирор нафар ҳам чет элларга иш излаб кетганлар, ишлаб юрганлар  йўқ. Сабаби жуда оддий  қишлоқда бекорчи, уйда бекор ўтирган аёл йўқ, ҳамма уй бекаларига ўзларига яраша юмуш билан машғул.

Улар ёзда, айниқса, қовун  пишиғи мавсумида тиним билишмайди. Ҳар бир аёл кунига ўрта  ҳисобда юз минг сўмдан ортиқ даромад қилишади. Ҳар куни рўзғор шунча қўшимча даромад кириб турса, ёмонми?

Энг қувончлиси, бу маҳсулотнинг экспорти ҳам йўлга қўйилган. Ҳамдўстлик мамлакатларидан ҳам буюртмалар тушади. Оқчангалликлар Самарканд ва Тошкент шахарларидаги буюртмачиларга бир йилда минг тонналаб қовунқоқи етказиб беришади. Ҳа, Норпошша опанинг ҳамқишлоқларини алқаб гапирганича бор. Рўзғор юмушлари, болалар тарбиясидан  ортиб қовунқоқичилик билан шуғулланаётган аёлларнинг ишлари йилдан йилга ривожланиб бормокда. Кишлокда қовунқоқи тайёрлашда катта  тажрибага эга бўлган хонадонлар кўплаб топилади. Жувошов, Мирзакуловлар оилалари, Бердиевлар ҳамда Норжигитовлар сулоласи шулар жумласидандир. Алпомиш келбатли эркаклар далада мол боқиб, кетмон чопиб, ковун етиштиришса,  оила бекалари уйда қовунқоқи қилиш билан шуғулланишади.

Ёзда мабодо қишлоқ оралаб қолсангиз, тўрт тарафдан қовунларнинг хушбўй  ҳидидан ташқари қовунқоқиларнинг ўзига хос ширин, ёқимли иси димоғингизни чулғаб олади. Маҳалла аҳлининг  барчасида томорқа бор. Одамлар томорқаларида етиштириладиган қовун-тарвуз ва бошқа экинларнинг ҳосилининг оиладан ортганини бозорга чиқаришади. Лекин ҳосил  мўл бўлгач, эплаш қийин-да. Айниқса, қовуннинг кўпчилик навларини, айниқса, “оқ уруғ”, “обиноовот” кабиларни кўп сақлаб бўлмайди, сифати йўқолади. Ана шундай дамларда ҳосилни исроф  қилмасликнинг энг яхши  усули қовунқоқи тайёрлаш. Чаққон бекажонлар дарҳол ишга тушиб кетишади. Ҳовлиларга тортилган  қатор-қатор дорларда саратондан то кеч кузгача қовунқоқилар узилмайди. Иссиқ кунларда  қоқилар бир ҳафта куриб, тобига келади. Салқинроқ кунларда сал кўпроқ туради. Қуёш тафтида қовунларнинг асалдек тотли таьмини ўзида сақлаб қолган ширинлик тайёр бўлади. Бу анчайин мушкул жараён 5-6 ой (яъни  қовун ҳосили охиригача йиғиб олингунча) давом этади. Лекин саратонда қуриган қоқиларнинг  таъми ҳам, кўриниши ўзига хос бўлади. Олтиндай рангдаги ширинлик харидорнинг эътиборини ўзига тортади. Тайёр маҳсулотлар турли шакллардаги колипчаларга жойлаштирилгач,  қадоқланиб,   “Қуритилган қовун”  деган  ёрлиқ   елимланиб, махсус қутиларга жойлаштирилади ва буюртмачиларга топширилади.

Баъзи хонадонлар (агар  қуёшли кунларда кўпроқ қовун қуритишган бўлса) ҳатто қишда ҳам ўз ишларини давом эттиришади. Қисқаси, оқчангалликлар ковункоки тайёрлашнинг ҳадисини олишган.

Бу борада маҳаллада  “устоз-шогирд” мактаби шаклланган десак муболаға бўлмайди. Дарвоқе,  оқчангалликлар қуритилган қовун пўчоғини ҳам исроф қилишмайди. Чунки  у қишда мол учун  тўйимли озуқа ҳисобланади.

Оқчангаллик  аёллар момоларидан  қолган каштачилик, гиламдўзлик каби ҳунарларни ҳам хор  қилишмайди. Уларнинг орасида қўли гул чеварлар ҳам кўп. Улар бугунги кунда  қизларига, келинларига ана шу момомерос ҳунарни ҳам ўргатиб  келишмоқда. Маҳаллада  бир анъана  бор. Ҳар  йили  ҳунармандлар тез-тез  тўпланишиб, ўз маҳсулотларидан кўргазмалар ташкил этишади. (Улар орасида, албатта, юқорида ҳикоя  қилганимиз – қовунқоқичилар ҳам иштирок этиб, чиройли қадоқланган маҳсулотларини  кўз-кўз  қилишганида ҳамманинг ҳаваси  келади).

Ёши етмишдан ошган,  истараси иссиқ,  юзидан нур ёғилиб турган Бувхолича Бердиеванинг оила  аъзолари  қовунқоқи тайёрлашда кўпчиликка ,  десак адашмаган бўламиз. Бувҳолича ая сўзга чечангина, киришимли  экан.  Суҳбатдоштимиздан ушбу ҳунар оғиру енгили ҳақида сўрадик.

-Тўққиз  фарзандим бор – беш ўғил, тўрт қиз, беш келин олганман, қизларимни узатганман, ўзлари билан ўзлари тинчиб кетишган, — деди Бувҳолича ая.  – Болаларнинг отаси  (она ҳурмат юзасидан турмуш ўртоғи Абдураҳмон отанинг  исмини тилга олмади, бу қишлоқ аёлларига хос одат)  бир умр деҳқончилик қилиб  келган, чорвага, деҳқончиликка, боғдорчиликка эътиборимиз катта, шунча болани шу меҳнатларнинг орқасидан ўстириб, тарбиялаб, элга  қўшганмиз. Отасининг ёнида юриб, ўрганиб,  касби-корини эгаллашган.  Рўзғоримиз обод, шароитимиз яхши. Катта хонадоннинг барча қувончу ташвишларини, оғиру енгилини биргалашиб баҳам кўриб юришибди. Боғимизда турли мевалар бор, бу ҳовлимдан ташқари томорқамизда ҳам экин-тикин  қиламиз. Келинларим ҳурматимизни жойига  қўйишади, ҳаммаси  меҳнаткаш, саришта,  аҳил яшаймиз. Келинларим ҳам, қизларим ҳам момоларимиздан қолган ҳунарлар, удумларни давом эттиришмоқда.  Ёз бўлса шу катта ҳовлига ўрмак ўрнатиб,  яхши кунларга, фарзандларнинг тўйларига атаб атаб шолча, зулбароқ тўқишади. Энг асосий юмушимиз  қовунқоқи тайёрлаш. Томорқамизда қишлоқдаги бошқа хонадонлар каби  қовун кўп етиштирилади.  Келинларим билан шу иш билан кўпроқ машғул бўламиз. Мана, ўзингиз кўриб турганингиздай,  ёзда қуритилган қоқиларни қадоқлаб, буюртмачиларга   тайёрлаб  қўйганмиз. Ёздан ортгани қишга асқотади.  Иккинчи томондан   айни қовун пишиғида исрофгарчиликка чек   қўйилди. Биздан ташқари яна 50-60 хонадон ҳам шу иш билапн  шуғулланади. Даромаддан буромад дегандек,  биргалашиб топганимиз бинойидек рўзғорга барака  киритиб турибди.

Қишлоқнинг   фозила, фаол, тиниб-тинчимас, болажон,  меҳнаткаш,  ҳунарманд ва тадбиркор аёллари билан суҳбатимиз кечгача давом этди.

Оқчангаллик  аёлларнинг ҳаёт тарзи,  ўзлари тайёрлаган   тотли маҳсулотлардай ширин ташвишлари, хайрли режалари билан танишиб қайтарканмиз, уларга янги  йилда катта ютуқлар, оилавий хотиржамлик, соғлик-омонлик тиладик.

 

Холида ПАРДАБОЕВА.

Ўзбекистонда хизмат  кўрсатган журналист.