Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 13 апрелда қабул қилинган ПҚ- 3666-сон “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифа — давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш бўйича Сирдарё вилоят адлия бошқармасининг Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими томонидан қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан,  Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш соҳасида жорий йилнинг биринчи  чораги давомида 9 та ташкилотда ўтказилган ўрганиш ўтказилди.

Еттита назорат тадбирлари бўйича да 3955 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 7 та идорага тақдимномалар киритилди, 1 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклиф киритилди.

Таъсир чоралари натижасида 4 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 1 нафар шахс билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Мисол учун, вилояти ветеринария бошқармаси томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш тартиблари, шунингдек ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди.

Ўтказилган ўрганишда амалга оширилган ижобий ишлар билан биргаликда айрим хато ва камчиликлар, шунингдек, қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Бошқарма томонидан 2017-2018 йилларда жами 351 та ҳолатда товар эгаларидан ёзма ёки электрон шаклдаги аризалар ва тегишли ҳужжатлар олинмаган ҳолда ветеринария гувоҳномалари расмийлаштирилиб берилган.

Худди шундай, 2018 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария қўмитасининг Давлат чегараси ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси тизимидаги “Ховос” чегара ветеринария пункти томонидан 25 та ветеринария гувоҳномалари ва 31 та темир йўл вагонлари учун ветеринария сертификатлари ариза олинмаган ҳолда расмийлаштирилиб берилган. Бу ҳолат ветеринария бошқармасида ҳужжат юритишда тизимли хатоларга йўл қўйиб келганлигини билдиради.

Ҳисобот даврида топшириқ ва иш режаларга асосан ўтказилган тадбирлар давомида 3 та таҳлил ва умумлаштиришлар ўтказилди. Қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан ҳамда хорижий давлатлар тажрибасини тадбиқ этиш юзасидан 10 дан зиёд таклифлар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5414-сонли Фармонининг 4-бандига кўра айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида карантин рухсатномалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини, озон емирувчи моддалар ва улардан ташкил топган маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун рухсатномалар, мувофиқлик сертификати, ветеринар, гигиеник ва экологик сертификатлар бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилиши белгиланган.

Аммо, Фармоннинг мазкур банди ижроси бўйича ўрганиш ишлари олиб борилганда Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Транспорт ва чегарадаги ветеринария назорат бўлими ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларида айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида рухсатнома ёки сертификатларни бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этиш тартиби юқори турувчи вазирликлар томонидан ишлаб чиқилмаганлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан маҳсулотлар ва товарларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва олиб чиқишда ваколатли органлар томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш тартибларига оид 5та, соғлиқни сақлаш тизимида фуқароларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга оид 4та, маданият соҳаси муассасаларида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш юзасидан 4 та таклифлар киритилди.

Шу билан бирга, Давлат дастурининг 27-банди ижросини таъминлаш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ўтказилган ўрганишлар юзасидан 13 та таклифлар ишлаб чиқилиб, вазирликка тақдим қилинди.

Ушбу олиб борилган фаолият соҳада ҳуқуқни қўллашни амалиётининг самарасини оширишга, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг такомиллашувига хизмат қилади.

Санжар Ўрмонов,

Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни

қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими бошлиғи