Дунёда шундай инсонлар борки, уларнинг ҳаёт йўли худди ёрқин қуёшдек атрофдагиларнинг йўлини ёритиб, кўнгилларни илитиб туради. Чунки бундай самимий, саховатпеша, олийҳиммат одамлар йиқилганингда тиргак, қоқилганда мадад, хурсандчилигингни эса худди ўз қувончидек биргаликда баҳам кўради. Улар болаликдан яхши тарбия кўрган, ўқиб уққан, ота-онасига раҳматлар келтирадиган инсонлардир.

Мирзаобод тумани «Тошкент» маҳалласида ибратли оила яшайди. Оила бошлиғи Сатторқул Қудратов юқорида айтиб ўтилган таърифлар хос ва мос инсон. Сат-торқул ака ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланади. Шу даврга қадар вилоят нефт маҳсулотлари базасида масъул лавозимларда ишлаган Сатторқул ака юртимизда тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очиб берилганидан сўнг тадбиркорликни йўлга қўйди ва ҳозирда 20 нафар кишини иш билан таъминлаган. Оила бекаси Кифоят опа тумандаги 5 мактабда узоқ йиллар давомида она тили ва адабиёт фанидан ёшларга сабоқ бериб келган.

Сатторқул ака Кифоят опа билан биргаликда аҳил ҳаёт кечирди, фарзандларини тарбиялаб вояга етказди, ўқитди, ўрни келганда ҳаёт қийинчиликларини биргаликда енгиб ўтди. Қуш уясида кўрганини қилади деганларидек оиладаги 4 фарзанднинг барчаси ўқимишли бошқаларга намуна қилса арзийдиган инсонлар. Тўнғич ўғил Иномжон Қудратов вилоят Адлия бошқармасида масъул лавозимда, Ҳамиджон эса тадбиркор, Обиджон банк ходими, Нодирбек пойтахтдаги банклардан бирида фаолият юритиб келмоқда. Барча фарзандлар халқ хизматида.

Оиладаги тўрт нафар келин бу оилага худди қиздай жондош. Чунки Кифоят опа келинларини болам-бўтам деб билмагинини билдирди, тушунмаганини ўргатди, бошқа хонадондан бошқа оилага тушиб ётсираган қушдай ёш нозик-ниҳолни авайлаб қўлига ўргатди, яхши гапириб измига юритди. Баъзи қайноналарга ўхшаб тергаб дилни хуфтон қилмади. Шу сабабданми келинлар бу оилага гапи-сўзи чиқмай чиппа ёпишади қолади. Ахир бутун маҳалла болаларининг хат саводини чиқарган Кифоят опа учун бу ишлар қийин эмас албатта.

— Бу оила билан бир маҳаллада яшаганимдан фахрланаман, — дейди биз билан суҳбатда маҳалла фуқаролар йиғини диний-маърифат, маънавий-аҳлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Зулфия Қорабоева. — Сатторқул ака шундай инсонки, унинг элга, инсонларга қилган яхшиликларини бир сўз билан ифодалаб бўлмайди. Айниқса, бу инсон қилган хайрли ишларини бировга кўз-кўзлашдан йироқда. Сатторқул кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ тўйларини ўтказишга ёрдам беради. Элнинг яхши-ёмон кунида, тўй ҳашамларда бош-қош. Шунингдек, Сатторқул ака жигарларига ҳамиша йўл-йўриқ кўрсатиб келади. Уларни эътиборсиз, ҳамдардсиз қолдирмайди. Меҳрга ташна қилмайди.

Мақолани ўқиб, бундай оилалар бизнинг маҳаллада бор, дейишингиз мумкин. Мустақил ўзбекистонимизда бундай оилалар хўп ва кўп. Аммо «гуруч курмаксиз» бўлмаганидек ўзаро келишмайдиган, ўнта бўлса ҳам ота-онасини дийдорига, меҳрига зор қиладиган, ўрни келганда нафақа пулига кўз тикадиган ориятсиз, бебурд кимсалар ҳам учраб туради.

Шу сабабли Сатторқул ака ва унинг фарзандларини бошқаларга ибрат қилиб кўрсатмоқчи бўлдик. Юртимизда мана шундай элга намуна қилса арзийдиган оилалар бор экан, ватанимиз гуллаб яшнайверади, яхшилик уруғи сочилаверади.

Г.МАҲКАМБОЕВА