Оилавий  муносабатлар миллатимизнинг қон-қонига сингиб кетган.   Миллий урф-одатларимиз, ақида ва анъаналаримиз эса асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.

         Маълумки, мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ  оилавий   муносабатларни  қонун йўли билан  тартибга  солишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, асосий Қонунимизнинг XVI боби тўла  оилавий   муносабатларни  ҳуқуқий  тартибга  солишга бағишланган.Жумладан,63-моддада оила давлат ва жамият муҳофазасида эканлиги алоҳида белгилаб қўйилган.

 Дарҳақиқат, давлатимиз оилалар мустаҳкамлиги ва  барқарорлигидан тўла манфаатдордир. «Оила» кодексида ҳам бирон-бир шахснинг оилага ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган. Мазкур кодекс юртимиздаги 7,5 миллиондан ортиқ оилалар ва улар ҳуқуқларини тўсиқларсиз амалга ошириш имконини беради.Бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилиниши эса ҳар томонлама  кафолатланган.

 Конституциямизнинг 63-моддаси иккинчи қисмида таъкидланганидек, никоҳ масаласига томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида ёндашилади.  Оилавий  муносабатлар бошланишида эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда тузган иттифоқини янада мустаҳкамлаш мақсадида ФҲДЁ бўлимларида расмий равишда никоҳдан ўтиш тартиби жорий этилган.

Эр-хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички  оилавий  масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг камолоти ҳақида ғамхўрлик қилинишига алоҳида эътибор қаратилган. Булар  биринчи навбатда урф-одат ва анъаналаримиз асосида  тартибга  солинса, иккинчидан, амалдаги қонунлар орқали амалга оширилади.

Оилавий  муносабатлар тегишли қонун ҳужжатлари ҳамда тарафларнинг келишуви билан  тартибга  солинмаган ёки бундай  муносабатларни  бевосита  тартибга  солувчи қонун ҳужжатлари нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, моҳияти жиҳатидан ушбу муносабатларга зид келмайдиган қонун ўхшашлиги қўлланилади. Бундай нормалар бўлмаган тақдирда, оила ҳамда фуқаролик ҳуқуқининг умумий тамойилларига таянган ҳолда тегишли ҳуқуқ ўхшашлиги асосида белгиланади.

 

 Болажон мамлакатимизда вояга етмаган, меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун йўли билан ҳимоя қилиниши Конституциямизнинг 64, 65 ҳамда 66-моддаларида ҳам ўз аксини топган. Бунда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиши ва тарбиялашга мажбурлиги уқтириб ўтилган.Ўз навбатида фарзандлар ота-оналарининг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги кафолатланган.Вояга етгач эса меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги ҳам   нормалар билан мустаҳкамланган.

Ўзбекистон — кўп миллатли давлат. Унда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда яшаб келмоқдалар. Қонунларимизда ушбу ҳолат ҳам ҳар томонлама ҳисобга олинган. Жумладан, Оила кодексининг 3-моддасида барча фуқаролар  оилавий  муносабатларда тенг ҳуқуқларга эга эканлиги ёзиб қўйилган. Улар томонидан никоҳ тузиш чоғида жинси, ирқи, миллати, тили, дини, шахсий ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, тегишли ҳуқуқларни бевосита ёки билвосита чеклаш, бирон бир имтиёз белгилаш,  оилавий  муносабатларга аралашиш амалдаги қонунлар билан таъқиқланади.

Оилавий   муносабатларни  қонун йўли билан  тартибга   солиш, биринчидан, оилаларнинг барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилса, иккинчидан, фарзандларни миллий қадриятлар ва анъаналарга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

                  Лола Муротова.

    Боёвут тумани ФҲДЁ органи мудираси