Савол: Хорижий давлатларда олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни легаллаштириш қандай амалга оширилади?

Ностри­фикация (нем. nostrifi­ka­tion, лотинча noster — бизники, лотинча facere — қилмоқ) деганда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ушбу ҳужжатларнинг қонуний кучга эга эканига розилик бериш тушунилади.

Хорижий давлатларда олинган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва эквивалентлигини қайд қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 июлдаги 283-сон Қарори билан тасдиқланган «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги Низом» билан тартибга солинади.

Хўш, Ўзбекистон Республикасида хорижий давлатларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг эквивалентлигини қайд этиш қандай мақсадларда ўтказилади?

Диплом соҳиби расман Ўзбекистон Республикасида тегишли таълимга эга бўлмаса, бундай ҳолатда хорижда олинган таълим даражасини тасдиқлатиш учун уни тан олиш (нострификация) тартиб-қоидаларидан ўтказиши зарур.

Xорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) деганда ваколатли давлат органлари томонидан ушбу ҳужжатлар эгалари тайёргарлиги даражаси мувофиқлигини белгилаш ва уларга Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги ҳужжатларига эга бўлган шахсларга берилгани каби академик ва (ёки) касбий ҳуқуқлар берилиши тушунилади.

Хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг эквивалент­лигини қайд этиш тартиб-қоидаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро келишувлари ва тавсиялари, давлат таълим стандартлари, узлуксиз таълим тизимининг меъёрий ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

 

Шукурбек Астанов,

Сирдарё тумани ДХМ бош мутахассиси