Аслида мақола сарлавҳасида Ҳадису Шарифдаги айтилган бу ҳикматни сал бошқачароқ яъни “Жаннат – ўзбекистонлик оналар оёғи остидадир” деб қўймоқчи эдим. Лекин сайтдаги мақолалар бошқа тилларга ҳам таржима қилинишини ҳисобга олиб, бошқа миллат оналари ҳурматига уни борлигича ишлатишни эътиборга жоиз топдим. Зеро сизу биз ана шу оналаримиз оёғи остидаги жаннатмакон Ўзбекистонда яшаяпмиз. Буни сизга оддий ўзбек аёли, оддий ўзбек онахони ҳақидаги ҳикоям давомида исбот қилиб бера олман деган умиддаман.

…Ойнаи жаҳон орқали бир видео-роликни тез-тез намойиш қилиб туришарди. Ана шу роликда бир киши, бир неча эркак-аёлга тахминан, шундай саволларни беради: “Дам олиш ва байрам кунлари, туну кун ўз вазифасини сидқидил бажараверадиган касб эгалари борлигини биласизми?” “Бажарган ишлари учун иш ҳақи берилмаса ҳам ишлайверадиган касб эгасиничи?” “Умуман шундай касб эгалари бизнинг орамизда ҳам борлигига ишонасизми?” дея сўрайди.

Сўров қилинганларнинг ҳеч бири бу саволларга аниқ жавоб топа олмайди. Сўнгра сўров ўтказувчи: “Бу касб эгаси – оналаримиздир!” дея жавоб беради.

Эҳтимол, бу роликни ёзув шакилида баён этиш видео-роликдагичалик таъсирли чиқмас. Балким, мен у қадар таъсирли баён қилиб бера олмагандирман. Лекин, оналаримиз ҳақиқатдан ҳам бугун дам олиш, бугун байрам, бу ишларим учун менга ҳеч ким ҳақ тўламайди, деб ўтирмай ўз оналик бурчларини бажараверади. Буни ҳис қилолмайдиган инсоннинг ўзи бўлмаса керак.

Ҳозир кўрсатишмаяптими ёки мени кўришга вақтим бўлмаяптими, ҳар ҳолда кўрмаяпман. Мабодо, 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамини кутиб, кўрсатишмаётган бўлишса бекор қилишади. Яхши нарсани қанча кўп кўрсанг ҳам бадингга урмайди…

Ривоят қилишларича, бир йигит онасини Ҳажга елкасида опичлаб, олиб бориб, зиёратнинг барча амалларини тўла ўтатиб, яна опичлаб юртига қайтариб олиб келибди. Ва онасидан: “Онажон, сизни олдингиздаги барча қарзларимни уза олдимми?” дея сўрабди. Шунда, ўғилнинг саволига ғойибдан: ”Сен гўдаклигингда ярим тун йиғлаб, безовта бўлган кечада, онанг сут бериб, алла айтиб овутган бир кечадаги қарзни узолдинг, холос!” деган жавоб янграган экан.

Биз мақоламизда оддий бир ўзбек аёли, бир онанинг ҳаёт сўқмоқлари ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлган замонамиз қаҳрамони Дилором Мўминова – 1954 йил Зомин туманида оддий хизматчи оиласида таваллуд топди. Унинг отаси Ўскан бобо Мавлонов бир умир темир йўллар соҳасида турли лавозимларда меҳнат қилди. Аввалги Ломакино – ҳозирги Зарбдор темир йўл станцияси бошлиғи лавозимидан нафақага чиққан. Онаси Тошбуви момо уй бекаси бўлган. Мавлоновлар бир ўғил, 4 қизни тарбиялаб вояга етказишди.

Дилором опанинг опа-сингил ва укалари Дилбар, Мамлакат, Хосият, Исломжон айни чоғда Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида истиқомат қилишади.

Ёш Дилоромнинг болалик йиллари кўпроқ катта онаси Саодат момо билан ўтди. Опаси Дилбар кўпроқ онасига уй ишларига қарашиш билан банд бўлгани, сингиллари Малика, Хосият ва укаси Исломжонлар ҳали ёш бўлганлиги сабаб, эр-хотин Ўскан ака ва Тошбуви опа ўзаро келишиб уни катта онасига “бириктиришган” эди.

Ёшгина қизалоқ кезлари Дилором мактабдан қайтгани ҳамон, тўғри катта онасининг бағрига ўзини отарди. Катта онаси ҳам уни суйиб, эркалаб, “Бу мени ўзимни эрка қизим-да, бир-биримизни кўрмасак, дарров соғиниб қоламиз-а, қизим?” дея пешонасидан ўпар, нимчасини чўнтагидан бир жуфт туршакми, қуртми олиб унга тутқазарди.

Дилором бироз эсини таниб, оқ-қорани фарқлай бошлагач, Саодат момо унга: “Бизнинг пешонамизга Ҳаж зиёратига бориш битилмаган экан. Худо хоҳласа, сизлар бу бахтга албатта мушарраф бўларсизлар” дея кўп айтарди. Момо: “Мен ҳам қариб қолдим. Бир оёғим ерда бўлса, иккинчиси гўрда. Ақли-ҳушим жойидалигида мусилмончилик амалларини мендан ўрганиб қолсанг, икки дунёнг обод бўлади!” дея унга Қуръон сураларини ёдлатар, намоз ўқишни ўргатар, саҳар уйғотиб, биргаликда рўза тутишга чорларди. Дилоромнинг зеҳни ўткир эмасми, буларни жуда тез ўзлаштириб оларди.

Ҳатто, бир кун бир синфдоши уни рўза тутганини синф раҳбарига чақиштирди. Унга мажбурлаб сув ичиришди. Дилором мактабдан тунд бир ҳолатда келдию, Саодат момонинг бағрига ўзини ташлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди.

– Нима бўлди, она қизим, ким сени хафа қилди? – сўради момо.

– Мени.., мени рўза тутганимни Болта синф раҳбаримизга айтиб берди, – деди Дилором ҳиққилаб. – Раҳбаримиз мажбурлаб, сув ичириб, рўзамни синдирди.

– Мажбурлаб ичирган бўлса, гуноҳи унинг бўйнига, – деди момо набирасини юпатиб, бошини силаганча, – Рўзанг синган бўлса, ҳечқиси йўқ, бир кун қазосини тутиб бериб, қарзингдан қутиласан.

Ўзи ҳаммасига ўзим айбдорман. “Неварам Дилоромхон ҳам менга қўшилиб ойдек рўза тутяпти” деб бир уй аёлни ичида кеча Ойгул отинникидаги ифторликда мақтанганим ортиқча бўлибди-да. Ўша Болтабойнинг момоси ҳам ўтирувди, ўша ерда. Бориб айтган бўлса, синфдошинг дарров сотибди-да, хумпар. Ўзи унинг бобосини ҳамма “Жума тўҳмат” дер эди. Ер бориб айтмасину, ўша Жума тўҳмат, қишлоқда ким қанча одамни сотиб, қулоқ бўлишига, қамалиб кетишига сабабчи бўлган. Охири ўзиям хор-зор бўлиб, ит ўлимини топиб кетди. Қўявер, эна қизим, ёмоннинг жазосини Аллоҳнинг ўзи беради. Мана мени айтди дерсан, Худо хоҳласа, ҳали сен Ҳажга бориб, ҳожи она бўласан. Ҳамманинг сенга ҳаваси келди.

Дилором Зомин туманидаги 2-сонли (ҳозирги Зарбдор тумани марказидаги 1-сонли) умумтаълим мактабини гарчанд аъло баҳоларга тамомлаган бўлсада, омади келмадими, хуллас, олийгоҳга ўқишга кира олмади.

1973 йил узоқроқ қариндошлари, асли Зоминнинг Аччи қишлоғилик, Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчи Бахтиёр ака Мўминов билан тўйлари бўлиб ўтди.

– Шу-шу, сирдарёлик бўлиб кетдим, – дейди Дилором опа ўша келин бўлиб тушган даврларини эслаб. – Ҳали-ҳамон опа укаларимникига борсак, “Сирдарёлик жигарларимиз келибди” дейишади. Улар келишса, биз ҳам “Жиззахлик жон-жигарлар келди” деб суюнамиз. Қаранг-а, шунга ҳам қанча йиллар бўлибди-я.

Ҳа, бу даврда қанча сувлар оқиб ўтди, қанча даврлар ортда қолди. Гарчанд, Бахтиёр ака Дилором опанинг ўқишига ёки бирор жойда ишлашига розилик билдирган бўлса-да, опа унамади. Ўғил-қизларининг тарбияси билан шуғулланишни, беш вақт намозини вақтида ўқиб, рўзасини тутишни ҳаммасидан муҳим деб билди.

Ўғиллари Фахриддин, Акбаржон, Асқаржон, қизлари Наргизахон, Шоҳидахонни ўзи емай, едирди, ўзи киймай кийдирди, ўзи ўқимай ўқитди. Ёстиқдошлари Бахтиёр ака билан биргаликда барчаларини уйли-жойли, касбли-ҳунарли қилди.

Мана шу меҳнатларининг самараси ўлароқ, ҳар учала ўғли олий маълумот олиб, тадбиркорлик билан машғул. Қизлари Наргизахон савдо хизмати ходими, Шоҳидахон эса ҳамшира. Барчалари эл-юрт хизматида. Шулар ортидан Дилором опа ва Бахтиёр ака 20 нафар набиранинг бувижон ва бобожонидек бахтга мушараф бўлиб, кексалик гаштини суришаяпти.

Мустақиллик шарофати билан минглаб юртдошларимиз Исломнинг беш амалларидан бири бўлган Ҳаж зиёратига боришдек бахтга мушарраф бўлишди. Шулар қатори Дилором опа ҳам Ислом оламининг муқаддас шаҳарларидан бўлган Маккаю Мадинага бориб ҳаж сафарини ўтаб, пайғамбаримиз Муҳаммаду саллалалоҳу алайҳи васаллам ҳазратларининг қабрини зиёрат қилиб қайтди.

– Жойлари шоҳистаи жаннатдан бўлгур Саодат момом “Сен албатта Ҳожи она бўласан!” деганларида фаришталар омин деган эканми, Яратганга минг шукур, мана Ҳаж зиёратини ўташ бахти бизга ҳам насиб қилди, – дейди Дилором опа кўзларида ёш билан. – Худо раҳматига олгур момом, отам, онам кўра олмаган кунлар бизга насиб этди. Бу ҳам бўлса, мустақиллигимиз шарофати, давлатимиз раҳбарининг халқпарварлиги туфайлидир.

Мўминовларнинг учала ўғиллари ҳам тадбиркор эмасми, ҳали бири Европанинг у давлатига жўнаса, бошқаси бу давлатига сафар қилади. Учинчиси эса Осиё мамлакатларининг бирига йўл олади.

Сафар олидан ота-оналарини ўзлари билан бирга боришга ундаб қўйишмайди. Шунда, Бахтиёр ака: “Мен кўп юртларни кўрдим, кўп жойларда бўлдим. Онанг сизларни, мени деб умрини уйда ўтказди. Уни олиб бориб келақолинглар” дея турмуш ўртоғини қўшиб сафарга кузатади.

– Дания, Швецария, Норвегия, Германия яна бир қанча давлатларда бўлдим, – дейди Дилором опа. – Ишонсангиз, қайси давлатда бўлмай, икки-уч кунда зерикаман. Бўлмаса бўш вақтнинг ўзи бўлмайди. Ҳали у музейга, ҳали бу тарихий обидага, ҳали у машҳур жойига, ҳали бу донғи кетган манзилга етаклашади. Лекин барибир зерикарли. Ошхонасига кирсангиз хилма-хил таомлар. Умримда ейиш у ёқда турсин, эшитмаган таомларимни олиб келишади. Лекин, таомни ёмонламаю, бир-икки татиб, дарров бадингга уради. Кўнгил қурғур ўзимизни лой тандирда қип-қизил бўлиб пишган нонимизни, чўғда шаққилаб қайнаган қайнатма шўрвамизни, думба ёғига пахта ёғи аралаштирилиб, қип-қизартириб пиширилган ошимизни, қозонда пиширилиб ўртасига сарёғ солиб ейиладиган қозон патиру думба солинган сомсаларимизни тусайди, денг. Лекин биз борган жойларни ҳеч бирида ўзимизникига ўхшаган бунақа таомларни қила олишмас экан. Ҳатто дунёда донғи кетган Швейцариясида ҳам бўлдик. Ҳамма ўзимизнинг Зоминни Ўзбекистонни Швейцарияси дейди. Лекин, тўғрисини айтай, Зоминимиз Швейцариядан ўн чандон яхши, ўн чандон зўр, ўн чандон гўзалроқ.

Тўғриси, ўзи ҳеч бир давлат Ўзбекистонга келмас экан-да. Ҳақиқий жаннат Ўзбекистонда экан. Ўзимизнинг юртимиздан қўймасин.

Ривоят қилишларича, бир куни Аллоҳ Таоло “Фалон куни, фалон вақтда барча миллат вакиллари фалон жойга келсин, еримдан ҳар бирига жой ажратиб бераман!” дея эълон қилибди. Барча миллатларга белгиланган жой улашиб тугагач, бир неча соат ўтиб, ўзбек кириб борибди. Ўзига бериладиган ерни олиш мақсадида Яратганнинг ҳузурига борибди. Белгиланган вақтда энди уйидан чиқмоқчи бўлганида, кутилмаганда уйига меҳмон келиб қолганини, онаси “Болам – меҳмон атойи Худо, аввал меҳмонни кузат, борадиган жойингга кейин  бораверасан!” дегани сабаб кечикканини, айтиб узр сўрабди.

Ўшанда Аллоҳ таоло: “Кутган меҳмонинг сенинг меҳмонинг, кутилмаган меҳмон – менинг меҳмоним. Сен ўзингга ажратилган ерни олишдан қолиб кетишингни билсанг  ҳам онангни айтганини қилиб, меҳмонни атойи Худо деб билиб, уни кутибсанми, энди жаннат учун ажратиб қўйган еримнинг бир парчасини сенга бераман. Онангни сафарга чорла. Қаерга бориб тўхтаса, оёғининг остидаги жой сеники бўлади!” дея ўшанда Аллоҳ ўзбекка жаннатмакон Ўзбекистонимизни инъом этган экан.

“Жаннат – оналар оёғи остидадир” деган Ҳадисни Аллоҳ ўшанда пайғамбаримизни дили ва тилига солган бўлса неажаб!? Сизу биз оналаримиз оёғи остидаги жанат – жаннат макон Ўзбекистонда яшаётганимиз, Худога минг бора шукурлар бўлсинки, юртимизда Дилором опа Мўминовадек оддий жаннатий оналарнинг миллионлаб топилиши юқорида айтган барча гапларимизнинг ёрқин исботидир, деб ўйлайман.

 

А.ҚАЮМОВ.