IMG_20140916_125522Зулхумор опани мен мактабда ишлаган кезларимда танирдим. Опа туман мактабларида фаолият кўрсатган тарих фани ўқитувчилари ўртасида пешқадамликни қўлдан бермас, фан олимпиадаларида у ишлайдиган Сирдарё туманидаги 13-ўрта мумтаълим мактабининг ўқувчилари  ғолиблик шоҳсупасини қўлдан бермай келарди.

          Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги арафасида “Фидокорона меҳнатлари учун” ордени соҳибаси бўлган Зулхумор опани 1 октябрь- Устоз ва мураббийлар куни олдидан албатта топиб, суҳбатлашаман, деб ният қилиб қўйган эдим.  Яқинда опа билан Бахт шаҳрида учрашиб, бир соатлар чамаси самимий суҳбатлашдик.

         Аслида Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида туғилганман, — деб ҳикоясини бошлади Зулхумор опа. –Оилада ўн нафар фарзанд,  6 ўғил, 4 қиз эдик. Дадам хўжалик бошқарувчиси эди. Онам Норой Маматқулова бир умр фарзанд тарбияси, кейинчалик невара тарьияси билан машғул. У кишининг тиниб-тинчиб ўтирганларини ҳечам кўрмаганман.  Дадам менинг ўқитувчи бўлишимни истаган эдилар. “Муаллимлик-қиз бола учун жуда яхши касб, бола тарбияси учун ҳам тарбияли ва маълумотли она зарур” деб такрорлаганлари такрорлаган эдилар.  Кейинчалик мен ҳақиқатан ҳам Сирдарё Давлат педагогика институтига ўқишга кирдим. Физикани яхши кўрсамда негадир тарих факультетига ҳужжат топширганман, — деб кулади опа. – Дастлабки фаолиятни Зомин туманидаги 21- умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси сифатида бошлаганман. Ўша вақтда бошланғич синф ўқитувчиси етмасмиди, ишқилиб, менга бошланғич синфларни беришган эди.  Кейин турмушга чиқдим. “Қиз бола-палахмон тоши” дейдилар, тақдир экан,  Сирдарё туманидаги “Ҳамза”номли қишлоққа келин бўлиб келдим. Турмуш ўртоғим Ғуломқодир Холиқов менга уйлангач,  Ирригация ва мелиорация олийгоҳини тугаллади, қизиқ, у пайтларда йигитларни нисбатан эрта уйлантиришар, кўпчилик ўқишни тугаллаганда икки-уч нафар фарзанднинг отаси бўлар эди. Қизларни эса албатта олийгоҳда, кўпинча  сиртқи ўқишга киритишар эди. Ёш бола билан қийналиб, битириб олардик ўқишни. Ҳозирги ёшлар албатта ўқиб, дипломини қўлига олгандан сўнг ҳам кўпчилиги аввал ишлаб, оёққа туриб олгандан сўнг турмуш қуришяпти. Албатта, бу ҳар томонлама яхши.  Чалғиб кетдим, ўзимнинг уч ўғлим бор, тўнғичим  Жамол  республика адлия вазирлигида бўлим мутахассиси, ўртанчам Камол – Тошкент шаҳрида адвокатлик фирмасида ишлайди. Икковисини ҳам уй-жой қилдим,  кенжатойим Алишер бу йил Ички ишлар академиясини тугаллаб, Сирдарё тумани ИИБ да фаолиятини бошлади. Ўзбекчилик, фарзандларимдан гап бошладим, ихр бизда “нечта уйинг ёки молинг бор деб эмас, нечта фарзандинг бор?” деб сўрашади.

Ҳатто фарзандли бўлганимдан сўнг ҳам мактабни ҳамма нарсадан устун қўярдим, турмуш ўртоғим Ғуломқодир ака шу “касалим”ни биларди ва ҳеч қачон гина қилмаган. Иш деса ўзимни томдан ташлардим, тинимсиз ўз устимда ишладим. 1991-92-93 йилларда “Энг яхши тарих ўқитувчиси” танловларида иштирок этиб,  кўплаб устозлар ичида фахрли 1-2 ўринларни эгаллашга сазовор бўлдим. Шу билан бирга кўплаб шогирдлар етиштирдим, бугунги кунда 20 га яқин издошим-тарих ўқитувчилари етишиб чиқди, баъзи шогирдларим республикамизнинг етакчи олийгоҳларида фаолият юритишяпти, олимлари бор. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида катта лавозимларда ишлашаётган шогирдларим бор, улар билан ҳам ҳақли равишда ғурурланамиз. Бир мактабда 33 йил ишладим, 13 йил деганда мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимини эгалладим, уч йилдан сўнг мактаб директори бўлдим. Иложи борича муносиб жамоа шакллантиришга ҳаракат қилдим. Ҳозирда битирувчилари олийгоҳларга кириши бўйича мактабимиз нафақат туман, балки вилоятда энг яхши бешлик рўйхатида турибди. 2001-2005 йилларда “Сиз тарихни биласизми?” республика кўрик-танловларида иштирок этган мактабимиз ўқувчилар жамоаси фахрли биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаб қайтдилар. Ҳозирда ўша жамоадаги йигит-қизларнинг 15 нафариям олийгоҳларда таҳсил олишиб,  муносиб кадр сифатида халққа хизмат қилишмоқда. 2006 йилда “Дўстликордени соҳибаси бўлдим. ” 2007 йилда мактабимиздан бир йўла 5 нафар ўқитувчи “Халқ маорифи аълочиси” нишони олди. Бу ютуқларнинг барчасига тинимсиз изланиш, ўз устида ишлаш, қолаверса, аҳил жамоани шакллантириш орқали эришдим. Албатта, Ғуломқодир ака мени маънавий қўллаб-қувватлаб турдилар. Баъзан билмай қолиб товушимни кўтариб юборсам “ҳай-ҳай хоним, уйда директорлигизни қилманг” деб куладилар.  Шунчалик ишга берилиб кетибманки, катта ўғлим Жамол олийгоҳни битириб, уйланиши керак, бир қизни кўриб келиб, “Ойи, сиз ҳам кўрасизми?” деса, “ўзинг кўравер, сенга ёқса бўлгани, у билан сен яшайсан” дебман. Аллоҳга шукур, ўғлим турмуш ўртоқ танлашда адашмади, ҳозирда икки ўғлимдан уч неварам бор. Аммо, ҳали-ҳамон ўқувчиларимга фарзандларимдан кўпроқ эътибор ажратаман. Биламан, ўз фарзандларим ҳам эътиборимга муҳтож, аммо улар катта бўлиб, ўз йўлларини топиб олишди, ўқувчиларим  эса ҳамиша меҳр-муҳаббатга муҳтож, улар ҳали ҳаётга устозлари кўзлари билан қарашади.

Зулхумор опа билан бир соат давомида суҳбатлашган бўлсак, у суҳбатимизни мактаб  билан бошлаб, мактаб билан тугатди.  Жамоасида фаолият юритаётган география ўқитувчиси Саодат Муҳаммадиева, Марҳабо Абдурахмонова, химия-биология фани ўқитувчиси Санобар Шодмонқулова,  инглиз тили ўқитувчилари Дилфуза Тўрақулова ва Сайёра Ҳаитқулова, математика ўқитувчиси Зулфия Мамадалиева ва бошқалар ҳақида тўлиб-тошиб, фахрланиб гапирди. Фидойи устоз аёлга қараб, “Фидокорона хизматлари учун” ордени ўзининг ҳақиқий соҳибасини топганлигига ишонч ҳосил қилдим. Эл фарзандларини ўз фарзандлари каби меҳр билан тарбиялаб, ютуқларидан ўз онаси каби қувониб, фахрланиб яшаш бахти насиб қилган бу бахтли аёлга ҳавасим келди.

 

                                                          Гузаля Мамедова.